“Сирғали-Қўйлиқ” метро йўналиши қурилишини якунлаш учун 785 та дарахтни бошқа жойга кўчириб экиш режалаштирилмоқда

“Сирғали –Қўйлиқ” ерусти метроси қурилиши атрофидаги 785 та дарахт бошқа жойга кўчирилади. Бу ҳақда 2 июнь куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб ёзади “Газета” нашри.

Ерусти метросининг Миробод туманидан ўтадиган қисмидаги 66 та, Сергели туманидан ўтадиган қисмидаги 168 та, Янгиҳаёт туманидан ўтадиган қисмидаги 551 та — жами 785 та дарахт бошқа жойга кўчирилади.

Кўчириш имкони бўлмаса уларни кесишга рухсат берилган. Кесиладиган ҳар бир дарахт учун компенсация сифатида 10 туп кўчатни экиш ва икки йил парваришлаш мажбурияти юклатилади.

Шунингдек, Озод Ражабов кесилган дарахтларнинг ёғоч хомашёси Ободонлаштириш бошқамаси балансига ўтказилишини ҳам таъкидлади. Шундан кейин ёғочни ё ҳунармандларга тақдим этиш, ёки бошқарманинг зарурий эҳтиёжлари учун ишлатиш режалаштирилишини қайд этди.

«Бу ишларнинг ҳаммаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекторларининг доимий назорати остида олиб борилади», — дейди қўмита ахборот хизматининг раҳбари.
 
Бош саҳифадаги фотосуурат: Anhor.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.