Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат гематология хизматини яхшиламоқчи

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат гематология хизматини яхшиламоқчи

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Президентининг “2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида гематология хизматини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар беради.

Ҳужжат Гематология ва қайта қон қуйиш илмий-тадқиқот институти клиникасининг ҳамда молекуляр-генетик диагностика лабораториясининг моддий-техникавий базасини яхшилашни кўзда тутади. Бу ўткир ва сурункали лейкозларни касалликнинг илк босқичида аниқлашни такомиллаштириш ва специфик даволаш ишларини ўтказиш имконини беради.

Жадал терапия ва жонлантириш бўлимларини ўпкани сунъий вентиляция қилиш бўйича энг замонавий аппаратлар, кардиомониторлар ва инфузоматлар билан жиҳозлаш кўзда тутилган.

Шунингдек қарор лойиҳасида маҳаллий мутахассисларни Россия, Германия, Туркия, Беларусь, яқин ва узоқ хориж мамлакатларининг етакчи гематология марказларига стажировкага юборишни ҳам назарда тутади.

Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент ва Тошкент вилоятиниг кўп профилли шаҳар марказларида ҳар бири 30 ўринли тўлақонли болалар ва катталар гематология бўлимларини очиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Бундан ташқари,онкогематологик касалликларга чалинган беморларни даволаш учун жамғарма ташкил қилиш ҳам кўзда тутилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.