Телефон суҳбати чоғида Садир Жапаров Ўзбекистон президентига кўрсатилган гуманитар ёрдам учун миннатдорчилик билдирди

Телефон суҳбати чоғида Садир Жапаров Ўзбекистон президентига кўрсатилган гуманитар ёрдам учун миннатдорчилик билдирди

14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти вазифасини бажарувчиси Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.  Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.

Суҳбатда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия, шунингдек, Икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия ва Чегарадош вилоятлар раҳбарлари кенгаши ишини фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни, аввало, савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт, ҳудудлараро ва гуманитар алмашинув соҳаларида, бошқа устувор йўналишларда кенгайтиришга хизмат қиладиган қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатларига қарши курашиш масалаларида ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириш ва кўмаклашишни давом эттириш муҳим экани таъкидланди. Садир Жапаров Ўзбекистон томон Қирғизистон учун қийин бўлган даврда дори-дармонлар, индивидуал ҳимоя воситалари, тиббий ускуналар ва озиқ-овқат кўринишидаги инсонпарварлик ёрдамини берганини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон қардош Қирғизистон халқининг тинч ва барқарор тараққиёт, фаровонлик ва равнақ сари интилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.

Бу орада Садир Жапаров Қирғизистондаги президентлик сайловларида қатнашиш учун ҳужжатларни топширди. 14 ноябрь ҳолатига кўра Қирғизистон МСКга жами 30 дан ортиқ ариза келиб тушган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.