Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева  Термизда вояга етмаган қизнинг зўрланиши билан боғлиқ шов-шувли ҳолатга изоҳ берди. Бу ҳақда Sputnik нашри ёзади.

Аввалроқ сенатор Фарҳод Боқиев  Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасига Термиздан 16 ёшли мактаб ўқувчисининг ота-онаси мурожаат қилган. Уларнинг сўзларига кўра, 2020 йил бошида Б.Э. исмли кимса уларнинг қизини икки марта зўрлаган. Мана, қарйиб 14 ойдирки, улар бу кимса жазоланишига эриша олмаяпти. Иш ёпди-ёпди қилиб юборилган.

«Термизлик ҳуқуқ муҳофазачиларининг ҳаракатини оқлаб бўлмайди, худди шундай жиноятчини ҳам», — дейди Саида Мирзиёева.

У Ички ишлар вазирлиги ишни тергов қилишига ва ушбу жиноятни хаспўшлашда айбдорларни жазолашига умид билдирди.
 
«Жиноятчининг ҳеч қандай мавқейи, ваколатлари ва алоқалари суд органлари томонидан чиқариладиган қарорларнинг адолатли бўлишига таъсир кўрсатмаслиги керак», — дея қайд этади Мирзиёева.

Шунингдек у қизнинг ота-онасига сабр-тоқат, унинг ўзига эса – куч ва хотиржамлик тилади.

«Ҳамма виждонли, номусли ва ақлли одамлар сизнинг тарафингизда», — дея ишонтирди  Саида Мирзиёева.

Фотосурат: Саида Мирзиёева/Telegram