Тошкент вилоятида 52 та дарахт кесилди: ўсимликлар дунёсига етказилган зарар қарийб ярим миллиард сўмни ташкил қилди

Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида кесилган дарахтлар билан боғлиқ воқеа тафсилотлари маълум бўлди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига Давлат экология кўситасининг матбуот хизмати хабар беради. Аввалроқ sreda.uz нашри ўз манбасига таянган ҳолда дарахтзор кесилгани ҳақида маълум қилганди.
 
Тошкент вилоятининг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича инспекцияси воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганди. Текшириш жараёнида қишлоқ хўжалик харитасининг 34-контурида жойлашган дарахтзордаги дарахтлар кесилгани аниқланди. Жами 52 та дарахт, шу жумладан 46 та тол ва 6 та терак кесилган.


 
Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерлардаги дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўсимликлар дунёсига 444 млн 773 минг сўм зарар етказилган.

«Айни пайтда участка эгасини ва ушбу қонунбузарликни содир этган шахсларни аниқлаш мақсадида тергов ишлари олиб борилмоқда», – дейилади хабарда.

Тўпланган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига топшириш учун тайёрланмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.