Тошкент вилоятида ичимлик суви таъминотига ажратилган 493 млн сўм талон-тарож қилинган
Ангрен, Нурафшон, Олмалиқ шаҳарлари, Пискент, Ўртачирчиқ ва Янгийўл туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун ажратилган 493,8 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар беради.
“Сувоқова” ДУК Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси билан 6 та МЧЖ ўртасида тузилган пудрат шартномаларига асосан амалга оширилган ишлар бўйича тузилган ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилган. Амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали жами 493,8 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жамият раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш), 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шарҳлар