Тошкентда Денис Мацуев ва Кирилл Рихтернинг концертлари ўтказилади

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ташаббуси билан Тошкентда моҳир пианиночи Денис Мацуев ҳамда пианиночи ва композитор Кирилл Рихтернинг концертлари ўтказилади. Концертлар ўтказиладиган жой – “Ўзбекистон” Халқаро форумлар саройи. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига жамғармадагилар маълум қилган.
 
17 апрель куни Денис Мацуев  “Классика ва жаз” дастури билан Тошкент саҳнасида чиқади. Денис Мацуевнинг номи рус фортепиано мактаби анъаналари билан чамбарчас боғлиқ.


 
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси “Новые имена” (“Янги номлар”) жамғармаси (Россия) билан ҳамкорликда Тошкентдаги қатор мусиқа муассасаларининг ўқувчилари учун Денис Мацуев мактабининг ўқитувчилари иштирокида маҳорат дарсларини ташкил қилади. Биринчи куни 30 нафар ўқувчи учун учта йўналиш бўйича маҳорат дарси ўтказилади (ҳар бир йўналишга 10 нафар ўқувчидан): скрипка, кларнет, фортепиано. Иккинчи куни ўқитувчилар маҳорат дарсларининг 20 та фаол иштирокчисини тинглайди. Тинглаш якунлари бўйича уларга “Новые имена” жамғармасидан стипендиялар ва Россия ҳудудидаги ёзги лагерга йўлланмалар тақдим этилади.
 
8 май куни Форумлар саройида “Кирилл Рихтер триоси” дастури билан Алёна Зиновьева (скрипка), Август Скрепак (виолончель), композитор ва пианиночи Кирилл Рихтер чиқади. Дастурга композиторнинг барча машҳур асарлари кирган.


 
Кирилл Рихтер – Россия минимализм йўналишининг вакили. Унинг портфолиосида фортепиано, камерли таркиблар ва симфоник оркестрлар учун асарларни, муаллифлик киноси, фантастик блокбастерлар, замонавий хореография спектакллари учун мусиқаларни кўриш мумкин. Рихтер Россияни Гамбургдаги Reeperbahn, Брайтондаги The Great Escape, Роттердамдаги Classical:Next фестивалларида тақдим этган. Унинг мусиқаси Royal Albert Hall, Volksbuhne, Elbphilharmonie каби машҳур саҳналарда янграган.

Талабалар ва пенсионерларга талабалик чипталари ва пенсия гувоҳномалари тақдим этилганида, 30% лик чегирма тақдим этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.