Тошкентдаги мактаб-интернатда калтакланган ногирон қиз ҳақида қўшимча тафсилотлар ошкор қилинди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 103-мактаб интернатда 3-синф қиз тарбиячиси томонидан калтакланган видео тарқалган эди. Бу воқеа бўйича «Zamon» информацион дастури мухбири қизнинг онасидан интервью олди. Онанинг сўзларига кўра, қизчани мактабда уришган.
«Ўқув ҳафтаси тугагач, ҳайдовчи қизимни уйга олиб келди ва мен болани ювинтириш учун ечинтирганимда унинг танасидаги жароҳатларни кўриб, қотиб қолдим. Бу мактабдан қизимнинг калтакланиб келишини кутмаган эдим. Ўзидан айбни соқит қилиш учун боланинг агрессивлигини, аутоагрессияси борлигини айтялти», – дейди қизчанинг онаси.
Ушбу воқеадан сўнг она қизининг ўқитувчисига телефон қилган ва боғлана олмагач, тезда суратга олиб, ижтимоий тармоққа жойлаган. Ички ишлар органига мактаб интернат устидан ариза ёзади.
Мактаб директори бу воқеадан ижтимоий тармоқлардаги видеони кўриб, хабар топганини айтади: «Бизнинг, тарбиячиларимизнинг назоратсизлиги оқибатида келиб чиққан ҳодиса. Буни тан оламиз. Чоршанба ва пайшанба куни тунда ўқувчи қолган, жума куни муассасадан уйига юборилган. Бу ишни тарбиячи қилганми ёки ўқитувчи, билмаймиз. Тахминларимиз кўп. Болалар томонидан ҳам жароҳат етказилган бўлиши мумкин. Чунки мактабда ақли заиф болалар таълим олишади. Тунда улар ҳам қолишади. Ақли заиф болаларни ёлғиз қолдирганда улар бир-бирига, ҳатто ўзига ҳам зиён етказиши мумкин».
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича Ички ишлар органи тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан етказилган енгил тан жароҳати) билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ишлари олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани Алия Юнусова ушбу ҳолат юзасидан Тошкент прокурорига сўров юборди. “Мазкур ҳолат биз томонимиздан назорат остига олинди. Шубҳасиз, айбдорлар болага нисбатан шафқатсизлиги учун жазоланади. Прокуратурадан жавоб олинганидан кейин ва иш бўйича ҳолатлар аниқланганидан сўнг биз қўшимча маълумот берамиз”, — деди бола ҳуқуқлари бўйича вакил.
Шарҳлар