Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида 400 дан ортиқ ёғоч уй бузилади

Янгиҳаёт тумани ҳокими Ҳаёт Иноғомов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида туман ҳудудида жойлашган 400 дан ортиқ 2 қаватли ёғоч уйлар бузилиши, у ерда яшовчи 4 мингдан зиёд хонадон туман марказида қуриладиган янги уйларга кўчирилишини маълум қилди.

«Туман марказида 149 гектар ҳудудда хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган икки қаватли ёғоч уйлар бор. Булар 1966 йилдаги воқеалар вақтида қисқа фурсатда қурилган уйлар, ҳозирги кунга келиб кўпчилиги авария ҳолатига келиб қолган», – дейди ҳоким.

Унинг сўзларига кўра, туркиялик мутахассислар билан ҳамкорликда лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Айни пайтда ер танлаш жараёни кетмоқда.

«Ҳамма коммуникацияси, шароити бор уйларга кўчирилади, шароитини яхшилаб берамиз. Лойиҳа доирасида ушбу босқичда жами 409 та авария ҳолатидаги уйларни бузиб, улардаги 4314 та хонадонда яшаётган мулкдорлар учун туман марказидан янги замонавий уйлар қуриш режалаштирилган. Янги қуриладиган уйлар ва унда яшайдиган аҳоли сонига мос равишда мактаб, МТТ, спорт, маданият муассасалари қуриш режамиз бор», – дея қайд этади Ҳаёт Иноғомов.

Аввалроқ Бош прокуратура бузилган кўчмас мулк эгаларининг ярмидан кўпи компенсация олмаганини маълум қилганди.

Бош саҳифадаги фотосурат: Народное слово

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.