Тожикистон ва Ўзбекистон Зарафшон дарёсида ГЭС қурилишини муҳокама қилади

Тожикистон ва Ўзбекистон Зарафшон дарёсида ГЭС қурилишини муҳокама қилади

Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёсида ГЭС қурилиши ва ундан фойдаланишда улушли иштирок этиш тартиби ва шартлари ҳақидаги ҳукуматлараро келишув лойиҳасини муҳокама қилишда давом этишмоқда. Бу ҳақда “Новости Узбекистана” хабар беради.

Бу борадаги биринчи йиғилиш Душанбеда ўтказилади. Унда инвестицияларни ҳимоя қилиш ва таваккаллар даражасига таъсир кўрсатувчи Ўзбекистон томон тарафидан киритилган ўзгаришлар, низоли масалаларни кўриб чиқиш механизми, Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини харид қилиш тартиби муҳокама қилинади.

Қайд этиб ўтамиз, Тожикистондаги Зарафшон дарёсида умумий қуввати 320 МВт бўлган иккита ГЭСни биргаликда қуриш масаласи 2018 йил 17 августда Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари томонидан имзоланган Қўшма баёнотда кўзда тутилган эди.

ГЭС қурилишини босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилган: даставвал қиймати 282 млн долларлик Ёвон ГЭСи қурилади, унинг қуввати 140 МВтни ташкил қилиб, 700-800 млн кВт-соат электр энергиясини ишлаб чиқаради.

Кейинги босқичда томонлар ҳисобий қиймати 270 млн доллар бўлган Фандарёда ГЭС қурилиши имкониятини қўриб чиқишади. Унинг қуввати 135 МВт бўлиши ва 500-600 млн кВт-соат электр энергиясини ишлаб чиқариши кўзда тутилган.

Лойиҳани халқаро молия ташкилотларининг қарз ва грант маблағлари ҳисобидан ҳамда томонларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириш режалаштирилган.

Барпо этиладиган ГЭСлар фақат Ўзбекистон эҳтиёжлари учун 1400 млн кВт-соатгача экологик тоза электр энергиясини ишлаб чиқаради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.