UzAuto Motors компаниясига тегишли автопарк ҳайдовчилари иш ташлаш уюштирмоқчи бўлди

«UzAutomotors» компаниясига қарашли автотураргоҳ ҳайдовчилари норозилик сифатида иш ташлаш қилмоқчи бўлишди, деб ёзади “Хабар” нашри.


 
Андижонлик блогер Отабек Нуриддинов «UzAutomotors» компанияси автотураргоҳидан тўғридан-тўғри трансляция қилган. Унда ишчилар ойликлари бир неча баравар қисқартирилиб юборилгани, мурожаатлари эса бир неча ойдан буён инобатга олинмаётгани сабаб норозилик сифатида иш ташлаш уюштирмоқчи бўлишаётгани айтилади. 

«20 000 сўм ойлик тушган, ака. Шунчалик ҳам бўладими? Ишонасизми, 450 сўм ойлик тушганлар ҳам бор. Хоразмгача трейлер ҳайдаб машина ташиганман. 20 000 сўм ойлик ҳам тўлайдими, ахир?! Оилада ёлғиз боқувчиман», – дейди ишчилардан бири.

Унинг сўзларига кўра, биргина ўзида эмас, ҳаммада шундай ойлик кам чиққан. Ойлик миқдорини кўриб чиқиш бўйича арз қилишганига беш ой бўлган, бўлди ҳал қиламиз дейишган. Лекин масала ортга суриб келинаверган.
 
«Биз раҳбариятдан норозимиз. Уларни ўзгартириш керак, ишчилар ҳақида қайғурмайди. Беш ойдан бери ойлик олмай ишлаяпмиз. Кечасию кундузи тинмай ишлатишяпти, аммо ойликлар ҳақида гапирсак, биров бизни эшитмайди», – дейди ишчилар.
 
Бу борада UzAuto Motors компанияси расмий баёнот билан чиқди, унга кўра айни вақтда компанияда иш ҳақидан қарздорлик мавжуд эмас.
 
«Жорий йилнинг февраль ойи учун иш ҳақи ўтган ойнинг 20 санасида аванс тариқасида, март ойининг 5 санасида тўлиқ тўлаб берилган. Ходимнинг иш ҳақидан унинг ёзма аризасига асосан кредит тўловлари ҳамда суд қарорига асосан мажбурий ундирув амалга оширилган», – дейилади хабарда.
 
Ушбу мурожаат юзасидан шу куннинг ўзида компания масъул вакиллари ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят бандликка кўмаклашиш бошқармаси ходимлари иштирокида ҳайдовчилар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, унда “UzAutomotors” АЖ томонидан иш ҳақини тўлиқ ҳисоблаб тўлаб берилганлиги, компания томонидан бирор-бир асоссиз ушланмалар амалга оширилмаганлиги, шунингдек ишчи-ходимларга яратилган ижтимоий ҳимоя пакети яъни, транспортда ишга келиб-кетиши, махсус кийим-бош билан таъминланиши, овқатланиши, тиббий кўриклари учун тўловлар компания ҳисобидан амалга оширилаётганлиги тушунтириб берилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.