Ўзбекистон март ойи ўртасида AstraZeneca вакциналарининг биринчи партиясини олади
Ўзбекистон 15-20 март кунлари COVAX ташаббуси доирасида AstraZeneca вакциналарининг биринчи партиясини олади. Бу ҳақда чоршанба куни ўтказилган матбуот анжуманида соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик соғлиғи хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев маълум қилди, деб ёзади “Газета” нашри.
Унинг сўзларига кўра, етказиб беришлар ҳажми лицензия бўйича Ҳиндистон зардоблар институти (SII) томонидан ишлаб чиқарилган 660 минг доза AstraZeneca/Oxford вакцинасини ташкил қилади. Ўзбекистон ҳозирнинг ўзидаёқ 660 минг дона шприц ва уларнинг хавфсиз утилизацияси учун контейнерларни олди.
Бундан ташқари, 1 миллион доза Россиянинг «Спутник V» вакцинаси ни харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. “Тегишли шартнома ишлаб чиқилган бўлиб, у ҳозирги кунда Россия томонидан ўрганилмоқда” , — дейди Баходир Юсупалиев.
Шунингдек, март ойида мамлакатга 1 миллион доза Хитойнинг ZF-UZ-VAС 2001 вакцинаси етказиб берилади.
Ўзбекистонда коронавирусдан эмланганлик ҳақида сертификатларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Устувор равишда эмланадиган шахсларнинг электрон реестрини яратиш давом этмоқда. Вакцина олганларни рўйхатдан ўтказиш ишлари emlash.uz сайти орқали амалга оширилади.
Фотосурат: “РИА Новости”
Шарҳлар