Ўзбекистон мудофаа вазирлигида янги тайинловлар амалга оширилди

Ўзбекистон мудофаа вазирлигида янги тайинловлар амалга оширилди

Полковник Алишер Норбоев Ўзбекистон мудофаа вазирининг қуролланиш ва қуроллантириш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Мазкур тайинловга қадар полковник Алишер Норбоев Қуролли Кучлар Бош штаби артиллерия бошқармаси бошлиғи — артиллерия қўмондони лавозимида фаолият юритган.

Алишер Норбоев 1979 йил 1 июлда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида туғилган. 2000 йил Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик муҳандислик билим юртини, 2009 йил Қуролли Кучлар академиясини, 2018 йилда Михайловск артиллерия академиясининг (Россия) малака ошириш курсини битирган.

Полковник Зоиржон Бозорбоев мудофаа вазирининг Моддий-техник таъминот бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Ушбу тайинловга қадар полковник Зоиржон Бозорбоев Мудофаа вазирлиги Моддий-техник таъминот бош бошқармаси бошлиғи лавозимида хизмат қилган.

Зоиржон Бозорбоев 1974 йил 19 сентябрда Хоразм вилояти Гурлан туманида туғилган. 1995 йилда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини, 2011 йилда Қуролли Кучлар академиясини тамомлаган.

Полковник Фарҳоджон Шерматов Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони лавозимига тайинланди.

Бунга қадар полковник Фарҳоджон Шерматов Мудофаа вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Фарҳоджон Шерматов 1969 йил 25 ноябрда Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида туғилган. 1991 йилда Ленинград олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини, 1997 йилда Қуролли Кучлар академиясини, 2006 йилда Россия Қуролли Кучлари Бош штаби академиясини тамомлаган.

Полковник Абдулла Ҳамроев Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти бошлиғи лавозимига тайинланди.

Бунга қадар полковник Абдулла Ҳамроев Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий хаво кучларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирининг командири бўлган.

Абдулла Ҳамроев 1976 йил 20 апрелда Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида туғилган. 1998 йилда Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини, 2006 йилда Бундесвер бош штаби қўмондонлик академиясини, 2007 йилда Россия Ҳарбий ҳаво кучлари учувчи офицерларни жанговар машғулотларга ўргатиш марказий курсини, 2014 йилда Қуролли Кучлар академиясининг қўмондонлик малака ошириш ва қайта тайёрлаш олий курсини битирган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.