Ўзбекистон Президенти Рашид Мередовни қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Рашид Мередовни қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 июль куни Тошкентга амалий ташриф билан келган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари – ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди. 
 
Суҳбат давомида Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга шу йилнинг март ойидаги илк давлат ташрифи, май ва июнь ойларида “Аваза” сайёҳлик зонаси ва Қозоғистон пойтахти Остонадаги амалий учрашувлар, шунингдек, икки давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқотлари Ўзбекистон билан Туркманистон ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққани ва Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга оширишни таъминлаётгани қайд этилди. 

Айни пайтда келишувларга мувофиқ Ўзбекистон ва Туркманистон компания ва корхоналари қиймати 200 миллион доллардан зиёд қўшма ташқи савдо шартнома ва битимларни амалга оширмоқда. 

Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида тизимли ва узоқ муддатли ҳамкорлик йўлга қўйилди, Туркманистонга навбатдаги пахта териш машиналари, культиватор ва бошқа замонавий техникалар етказиб берилди. Шу ойда Ашхободда Савдо-сервис маркази ўз фаолиятини бошлайди. 

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти корхоналари базасида Туркманистон темир йўллари ҳаракатланувчи таркибини таъмирлаш ва модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда. 
 
Туркманобод – Фароб автомобиль ва темир йўл кўприклари очилгач, мамлакатларимиз ўртасида транзит ташишлар ҳажми сезиларли даражада кўпайди. Ўзбекистоннинг фақат темир йўл орқали Туркманистон ҳудудидан ўтган экспорт юклари ҳажми 25 фоиз ошди.  
 
Манба: Ўзбекистон Президентининг сайти

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.