Ўзбекистон президентига бир нечта янги лойиҳа тақдим этилди

Ўзбекистон президентига бир нечта янги лойиҳа тақдим этилди

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги «Sardorkom» масъулияти чекланган жамиятида олмадан шарбат тайёрлаш йўлга қўйилади. Паркент туманида ташкил этиладиган корхонада мева-сабзавотни музлатиш, қадоқлаш ва сақлаш мажмуаси, замонавий иссиқхона барпо этилади.

Президентимизга тижорат банклари томонидан молиялаштирилаётган йирик лойиҳалар ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Лойиҳаларда қоғоз маҳсулотларини қайта ишлаш, мева-сабзавотларни қадоқлаш учун гофракартон қутилар ишлаб чиқариш, паррандачилик соҳасини ривожлантириш, мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш кўзда тутилган.

Вилоят қишлоқ хўжалиги ер майдонларини мониторингдан ўтказиш ишларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бунда квадрокоптор ёрдамида ер майдонларини ўлчаш, маълумотларни электрон базага киритиш, ер майдонларини аэрофотосъемка қилишга эътибор қаратилган. Ер майдонларини АН-2 самолёти ва квадрокоптер ёрдамида ўлчаш натижалари таққосланди. Маълум бўлишича, 100 гектар майдонни самолёт ёрдамида 20 соатда ўрганилса, квадрокоптер қўлланилганда худди шу ҳажмдаги ишларга 4 соат сарфланар экан. Бундан ташқари, экинларга агродрон, ОВХ пуркагичи ва самолёт ёрдамида ишлов беришнинг қиёсий кўрсаткичлари ҳам намойиш этилди. Иш унумдорлигини оширишда замонавий агродронларнинг имкониятлари юқори баҳоланди.

2017-2018 йилларда қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш инновацион лойиҳаси ҳам кўрсатилди. «Ўзагротехсаноатмашхолдинг» компанияси тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари намойиш қилинди. Компания қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш, машина-трактор парклари ва лизинг хизматларини ўзида жамлаган. Лойиҳалардан мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари ва истиқболдаги режалар ўрин олган.

Мамлакатимизда беларуслик инвесторлар билан ҳамкорликда замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилмоқда. Президентимиз ушбу техникалар турларини кўздан кечирди. Инвесторлар билан мазкур тизимни янада такомиллаштириш, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари ҳақида суҳбатлашди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.