Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Ўзбекистонда короновирус 2019-nCoV пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича қатор чораларни амалга оширмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар беради.

Хусусан, чегара ҳудудларда Санитария-карантин пунктлари орқали ўтадиган йўловчиларнинг сифатли тиббий-санитария кўригига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пневмония ва бошқа ўткир респиратор касалликларга чалинган беморлар изоляция қилиниб, касалхонага ётқизилмоқда.

ХХРдан келган йўловчилар орасида гриппнинг оғир турларига, ўткир респиратор инфекциялар ва пневмонияга чалиниш гумони бўлган беморлар аниқланганида, улардан лаборатория таҳлиллари учун намуналар олиш ташкил қилиняпти, дея қайд этилади вазирлик хабарида.

ЖССТ кенг жамоатчилик учун бир нечта стандарт тавсияларни беради:

- қўлларингизни совунлаб ювинг ёки спиртли асосда ювинг;
- йўталганда ёки аксирганда оғиз ва бурунни тиббий ниқоб, салфетка, енг ёки букилган тирсак билан ёпинг;
- шамоллаш ёки грипп аломатлари пайдо бўлган ҳар қандай одам билан ҳимояланмаган яқин алоқадан қочинг ва агар сизда иситма, йўтал ва қийинлашган нафас олиш кузатилса, тиббий ёрдамга мурожаат қилинг;
- жониворлар бозорига борганда ҳайвонлар ва ҳайвонлар тегиши мумкин бўлган юзаларга ҳимояланмаган тарзда тегинманг;
- овқатни, айниқса гўштни яхшилаб пиширинг.

Номаълум короновирусга дастлабки чалиниш ҳолатлари Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган. 20 январь маълумотларига кўра, Хитой ҳукумати короновирус томонидан чақирилган пневмонияга чалиниш бўйича 224 та ҳолат мавжудлигини расман тасдиқлади. Соғлиқни сақлаш ишлари бўйича муниципал қўмитанинг хабар беришича, ушбу касалликдан нобуд бўлганлар сони тўрт кишига етган. Мамлакат ташқарисида – Япония, Жануюий Корея ва Таиландда ушбу касалликка чалиниш ҳолатлари қайд этилган.