Ўзбекистон ТИВ Эрон чегарасида туриб қолган ҳайдовчилар билан боғлиқ вазиятни назорат остига олди

Ўзбекистон ТИВ  Эрон чегарасида туриб қолган ҳайдовчилар билан боғлиқ вазиятни назорат остига олди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Туркманистон-Эрон чегарасидаги ўзбекистонлик ҳайдовчилар билан боғлиқ вазият назорат остига олингани ҳақида хабар беради.

Эслатиб ўтамиз, 6 март куни Эрон чегарасидаги “Лутфобод” назорат-ўтказиш пунктида қолган 11 нафар ўзбекистонлик ҳайдовчи уйларига қайтишда ёрдам бериш илтимоси билан президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат билан чиқди.

ТИВнинг маълумотларига кўра, 7 март куни Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонаси ушбу маълумотни тасдиқлади.

“2020 йил 7 март куни мамлакатимизнинг Теҳрондаги элчихонаси коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Туркманистон-Эрон чегараси ёпилиши муносабати билан 700 га яқин ҳайдовчи, шу жумладан 11 нафар Ўзбекистон фуқароси “Лутфобод” ва “Сарахс” чегара назорат-ўтказиш пунктларида қолгани ҳақидаги Интернетда тарқалган ахборотни тасдиқлади”, – дейилади матбуот хизматининг хабарида.

Элчихонанинг консуллик бўлими 23 февралдан бошлаб ватанига қайтишдан бош тортган ва ўз транспорт воситаларини божхона постларида сақлашга қолдирган юртдошларимиз билан мунтазам алоқани ушлаб турибди.

ТИВ маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг Теҳрон ва Ашхабаддаги элчихоналари вазиятни назорат остида ушлаб турибди ва ушбу масалани ҳал этиш учун Эрон ва Туркманистон ҳукуматлари билан мунтазам мулоқот қилмоқда.

Youtube порталига жойлаштирилган видеолавҳада халқаро юк ташувлари билан шуғулланувчи ўзбекистонлик бир гуруҳ ҳайдовчилар 23 февралдан буён Эроннинг “Лутфобод” божхона пости терминалида туришгани ҳақида гапиришади.
 

«Шундан бери  ўз машиналаримизда яшаяпмиз. Биз тегишли идораларга мурожаат қилдик. Бироқ ижобий натижалар бўлмади», – дейди видеомурожаатда ўзбекистонлик ҳайдовчилардан бири.

Унинг сўзларига кўра, Туркманистон-Эрон чегарасидаги барча ўзбекистонлик ҳайдовчилар соғлом, уларда коронавирус аломатлари аниқланмаган.

«Биз ҳаммамиз мутлақо соғломмиз. Касаллик тарқалган жойдан минг километр узоқдамиз. Ҳатто бизни бу ердан соқчилар назорати остида олиб чиқишларига ҳам розимиз. Биз учун асосийси тезроқ ватанимизга етиб олиш», – дейди видеода яна бир ўзбекистонлик ҳайдовчи.

Уларнинг сўзларига кўра, Туркманистон рақамларига эга барча юк машиналари бирор-бир тўсиқсиз чегарани кесиб ўтмоқда, зарур юкларни юклаб яна ортга қайтмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.