Ўзбекистонда 25 та манзил-колония босқичма-босқич қисқартирилади

Халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ўзининг парламентга мурожаатида сўз юритади.
 
Бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олинади. Мазкур енгиллик натижасида ҳозирда жазо ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилади. Шу билан бирга, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш органидан, янги ташкил этиладиган Инсонпарварлик комиссиясига ўтказилади.
 
«Олий Мажлис палаталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан икки ой муддатда ўз таклифларини ишлаб чиқиши зарур. Бунда, Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда, тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизими йўлга қўйилиши керак», – дея қайд этади президент.

Келгуси йилдан бошлаб, бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади. янги йилдан бошлаб, фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та суд битта суд сифатида бирлаштирилади.

Шунингдек, келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.