Ўзбекистонда аҳолини 2030 йилгача ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси ишлаб чиқилади

Шавкат Мирзиёев “2021–2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармойишни имзолади. Бу ҳақда Молия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Унга кўра, жорий йилнинг 1 ноябрига қадар вазирликлар ва идоралари, илмий муассасалари, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСEФ, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ва Жаҳон банкининг етакчи мутахассисларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан 2030 йилгача аҳолини ижтимоий ҳимоя Миллий стратегияси лойиҳаси ҳамда уни амалга оширишнинг уч йиллик режаси ишлаб чиқилади.

Ушбу Фармойиш билан 2021-2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси концепцияси ва стратегияни ишлаб чиқиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди ва стратегияни ишлаб чиқиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилди. Мазкур Концепция доирасида:

  • аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Миллий стратегияси ишлаб чиқилади ва унда ижтимоий ҳимоя соҳасида ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг базавий кафолатлари белгиланади, илғор амалиётларда қабул қилингани каби оналикни ҳимоя қилиш ва вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларини ижтимоий суғурта тизимига киритиш ҳамда Ижтимоий суғурта жамғармасини ташкил этиш масаласи ўрганилади;
  • барча кам таъминланган оилаларни ижтимоий нафақалар билан қамраб олиш мақсадида ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун ариза берувчиларнинг муҳтожлик даражасини аниқлаш жараёнларини соддалаштириш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш жараёнларини тезлаштиришга эътибор қаратилади;
  • давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун берилаётган субсидиялар самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий контракт тизимини жорий этиш кўзда тутилади. Давлат томонидан аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий хизматларни индивидуал ижтимоий мослашув дастурлари орқали тақдим этиш тизими ишлаб чиқилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.