Ўзбекистонда аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилмоқда

Ўзбекистон президенти 2021 йил 1 августдан аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишни кўзда тутувчи қарорни имзолади. Қуйидагилар унинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
 
– аҳолининг барча қатламлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали жисмоний қобилият ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш ҳамда зарарли одатлар ва турли касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш;
– ёшларда ирода, ўз кучи ва имкониятларига ишонч каби фазилатларни мустаҳкамлаш, уларда жасорат, ватанпарварлик ва садоқат хислатларини ривожлантириш, юртимиз шарафини ҳимоя қила оладиган, жисмонан бақувват ва интеллектуал салоҳиятли Ватан мудофаасига муносиб захира кадрларни тайёрлаш;
– республика ҳудудида, шу жумладан, олис ҳудудларда жойлашган қишлоқлар, овуллар, маҳаллаларда аҳолини соғломлаштириш ишларини янада ривожлантириш;
– аҳоли жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг халқаро стандартлари ва илғор хорижий тажрибасини татбиқ этиш.

Баҳолаш тизими бўйича спорт синовлари махсус ва ихтиёрий равишда аҳолининг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қатлами ва ундан катталарнинг жисмоний тайёргарлигини аниқлайди. спорт синовлари поғона ва мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, 15 турдаги, шу жумладан, узоқ ва қисқа масофаларга югуриш ҳамда сузиш, турникда тортилиш, анжомларни улоқтириш ва бошқа машқлардан иборат бўлади.

Спорт синовлари иштирокчиларига 11 та ёш тоифаси бўйича эгаллаган ўрни ва даражасига қараб спорт разрядлари ва унвонлари берилади ҳамда улар моддий ва бошқа совғалар билан рағбатлантирилади.

Туризм ва спорт вазирлиги спорт синовлари тадбирлари ўтказилишининг ташкилотчиси ҳисобланади.

Туризм ва спорт вазирлигининг спорт синовларини муваффақиятли топширган шахслар учун “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишони таъсис этилади. Бунда, спорт синовларининг махсус талабларини бажарган ғолиблар I, II, ва III даражали кўкрак нишонлари билан тақдирланади.

Баҳолаш тизими бўйича ёш кўрсаткичларидан келиб чиқиб спорт синовларининг махсус талабларини муваффақиятли бажарган шахслар бир йил мобайнида қуйидаги имтиёзлар ва рағбатлантиришлардан фойдаланади:

– сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловининг 50 фоизини чегирма билан тўлайди ва муддатли ҳарбий хизматга биринчилар қаторида устунлик билан юборилади;
– махсус талабларни бажарган ғолибларга (I ўрин) “Темурбеклар мактаби”га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга киришда имтиёз берилади;
– бепул тарзда давлат туман (шаҳар) кўп тармоқли тиббиёт муассасасида бир марталик чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтади;
– махсус талабларни бажарган ғолибларга (I ўрин) умумий фойдаланишдаги давлат йўловчи ташиш шаҳар транспортида бепул ҳамда ҳудудлараро ҳаракатланишда 50 фоиз чегирмали тўлов билан имтиёзли юриш ҳуқуқи берилади (такси, шу жумладан, йўналишли такси мустасно);
– фарзандлари яшаётган жойдаги умумтаълим мактаби, мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига навбатсиз жойлаштирилади;
– барча давлат органлари ва ташкилотларининг ходимларига иш жойи ҳисобидан дам олиш масканлари ва санаторийларга бепул йўлланмалар тақдим этилади;
– республика миқёсида ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган имтиҳон (олий таълим муассасалари спорт йўналишларидан ташқари), синов, амалий машғулотларда устунлик (имтиҳонда максимал балл ёки амалий машғулотлардан озод қилиниши) берилади. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.