Ўзбекистонда “Эзгу мақсад” Халқаро хайрия фонди ташкил этилди

Ўзбекистонда “Эзгу мақсад” Халқаро хайрия фонди ташкил этилди

Шавкат Мирзиёев аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган “Эзгу мақсад” Фондини ташкил этиш ҳақидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, Фонд жамиятнинг ҳимояга муҳтож қатламларини, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича изчил ва манзилли давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида ташкил этилмоқда.

Ҳужжатда Фонднинг тўртта асосий вазифаси белгилаб берилган:

– аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари, аввало, бемор ва ногирон болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишни таъминлаш, ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни эрта аниқлаш, уларни профилактика қилиш ва даволаш, ногиронликни реабилитация қилиш ва олдини олиш, жамиятда соғлом турмуш тарзи маданиятини ривожлантириш бўйича самарали ишларни ташкил этишга кўмаклашиш;

– етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёки хавфли гуруҳга кирадиган болалар, “Меҳрибонлик”, “Мурувват”, “Саховат” уйлари ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари тарбияланувчиларига ёрдам беришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;

– аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли генофондини яхшилаш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш борасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

– халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш, Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари, хорижий фуқаролар ва ташкилотлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, халқаро ташкилотларнинг хайрия маблағларини жалб этиш ва жамлаш бўйича фаол ишларни амалга ошириш.

Шунингдек Фондга истисно тариқасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Фонд хайрия дастурлари доирасида ҳисоб-китоблар ва тўловларни хорижий валютада амалга оширишга рухсат этилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.