Ўзбекистонда халқ табобати маркази ташкил этилади

Ўзбекистонда халқ табобати маркази ташкил этилади

2020 йил 1 майдан Ўзбекистонда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс мақомига эга Республика халқ табобати илмий-амалий маркази ташкил қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг қарорида сўз боради.
 
Қуйидагилар марказнинг вазифалари ҳисобланади:

– халқ табобатининг асосий йўналишларини (фитотерапия, акупунктура, аюрведа, гомеопатия, йога, моксотерапия, натуропатия, остеопатия, термал тиббиёт, хиро-амалиёт, цигун ва бошқалар) ривожлантириш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашда ва замонавий тиббиётда уларни қўллаш бўйича ўқув-методик адабиётлар тайёрлаш;

– халқ табобати бўйича мутахассисларни, тиббиёт ходимларини ва тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларни Ҳудудий марказларда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

– хорижий мамлакатларнинг халқ табобати вакили бўлган ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик қилиш, мамлакатимизда халқ табобатини янада ривожлантириш масалалари бўйича биргаликда анжуманлар, форумлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш ва бошқалар.

Республика маркази Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташкилий тузилмасига киради ва унга ҳисобдор бўлади. Республика марказига Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Ҳудудий марказларга тингловчиларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Вазирлик томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.

Ҳудудий марказларда ўқитиш Вазирлик томонидан тасдиқланган, Республика маркази, Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси ва “Табобат” академияси томонидан ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича пуллик асосда амалга оширилади.

Ҳудудий марказларда ўқитиш қийматининг миқдори Республика маркази томонидан белгиланади. Ҳудудий марказларнинг битирувчиларига халқ табобати бўйича малака оширганлик тўғрисида расмий ҳужжат деб тан олинадиган белгиланган шаклдаги сертификат берилади.
 
Халқ табобати бўйича мутахассисларни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларга Вазирлик томонидан тасдиқланадиган шаклдаги халқ табобатининг тегишли йўналишларида фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.