Ўзбекистонда коронавирус: энг сўнгги янгиликлар

Ўзбекистонда коронавирус: энг сўнгги янгиликлар

Бухоро шаҳрига кириш-чиқиш тўхтатилди. Ушбу чеклов юк ташувларига тааллуқли эмас. Шаҳарга фақат шу ерда доимий истиқомат қилувчи фуқаролар ҳамда давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари, тиббий ходимлар, Бухорода ишлайдиган Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг ходимлари ва туманларга бириктирилган масъул шахслар кириши мумкин.
 
Коронавирусга чалинганлар орасида  11 киши тиббиёт ходими бўлиб, улар Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасида ишлайди. Шавкат Мирзиёев беморларни даволаш даврида COVID-19 га чалинган барча тиббий ходимларга 100 млн сўм берилиши ҳақидаги қарорни тасдиқлади. Иш пайтида коронавирусга чалиниш натижасида оғир ҳолат юзага келган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда, тиббиёт, санитария-эпидемиология ва бошқа хизматлар ходимларига ёки уларнинг бошқа оила аъзоларига 250 млн сўм миқдорида бир марталик тўлов тақдим этилади.  
 
 
Рағбатлантирувчи тўловлар. Карантин амал қиладиган даврда коронавирусга чалинганлар билан алоқа қиладиган, инфекцияга чалинган кишилар жойлаштирилган объектларда ишлайдиган шифокорлар, эпидемиологларга ҳар ойда 25 млн сўм миқдорида, ҳамширалар ва лаборантларга 15 млн сўм  миқдорида, бошқа ходимларга 5 млн сўм миқдорида рағбатлантирувчи тўловлар тўланади.
 
Ўртасаройдаги бўлғуси клиника контейнер-палаталар билан жиҳозланади. Ҳар бир контейнер уч кишига мўлжалланган бўлиб, айни пайтда контейнерларнинг 1 600 донадан иборат биринчи партияси жўнатиш учун тайёр турибди. Контейнерларга тайёрлаш жараёнига 2 300 киши жалб этилган, бир контейнерни ишлаб чиқаришга эса ўртача 6-7 соат вақт кетади. 
 
Ниқоблар кунига 5 млн.донагача ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон Президенти шундай топшириқни берди. Бундан ташқари, Сурхондарё, Наманган ва Навоий вилоятларида ҳар бири 1000 ўринлик модулли клиникаларни ҳамда карантин пунктларини жиҳозлаш ишлари бошланди. Вирус тарқалиши хавфи юқори бўлган аҳоли пунктларида мобил лабораторияларни ташкил қилиш режалаштирилмоқда.
 
Бизнес учун имтиёзлар. 1 ноябрга қадар коронавирус пандемияси туфайли молиявий қийинчиликларга учраган корхоналар банкрот деб эълон қилинмайди. Карантин даврида тадбиркорларнинг банк ҳисобрақамини тўхтатиш тақиқланади. Бундан ташқари, товарларни етказиб бериш ва ташиш бўйича хизматларни лицензиялаштириш бекор қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.