Ўзбекистонда коронавирус туфайли халқаро спорт тадбирлари тўхтатилди

Ўзбекистонда коронавирус туфайли халқаро спорт тадбирлари тўхтатилди

Республика ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган халқаро тадбирлар ва мусобақалар Ўзбекистонга коронавирус эпидемияси кириб келмаслигининг олдини олиш мақсадида вақтинчалик тўхтатилди. бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг сайтида хабар берилади.

«Мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, қолаверса ҳукуматимиз томонидан берилган кўрсатма ва тавсиялар ижросини таъминлаш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг буйруғи қабул қилинди», – дейилади хабарда. 

Унга кўра халқаро мусобақаларда Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзоларининг иштироки ҳамда тизим ходимларининг хорижий хизмат сафарлари вазирлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади. 

Шунингдек, спорт турлари бўйича республика спорт мусобақалари (чемпионат ва кубоклар) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий спорт мусобақаларини эса ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари билан келишган ҳолда ўтказиш вазифаси юклатилди. 

Бундан олдин Оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати коронавирус туфайли бекор қилингани маълум бўлганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.