Ўзбекистонда Лойиҳаларни бошқаришнинг ягона тизими жорий этилмоқда

Ўзбекистонда Лойиҳаларни бошқаришнинг ягона тизими жорий этилмоқда

Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими ташкил этилмоқда.

У давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини, молиявий маблағлар сарфланишини бошқариш механизмларининг самарадорлиги ва шаффофлигини янада оширади. Бу 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур тизим:

ҳар бир ресурснинг (товарлар, ишлар ва хизматларнинг) ҳақиқий бозор қийматини шакллантириш ҳамда нотўғри техник топшириқ ва сметаларни юритишга йўл қўймаслик имконини берадиган ресурслар ягона миллий маълумотномасини жорий этишни; 

уч ўлчамли лойиҳалаш технологиясидан фойдаланган ҳолда ресурслар ҳисобини юритиш, лойиҳа бўйича қабул қилинган қарор самарадорлигини баҳолаш, ресурслар миқдори ва турлари тўғри белгиланганлигини аниқлашни; 

лойиҳаолди, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тегишли жараёнлардан ўтказиш, ижро интизомига риоя этиш, иш юритуви, ҳисоботлар тузиш устидан электрон назорат ўрнатишни; 

давлат харидларининг шаффофлигини ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишни таъминлайдиган ягона автоматлаштирилган тизим ташкил этишни; 

ишлар бажарилиши ва дастурлар ижросининг ҳақиқий ҳолатини акс эттирувчи календарь-тармоқ режалаштиришни жорий этишни, шунингдек хабардор қилиш тизимига эга режа ва жадвалларни шакллантиришни; 

бошқарув қарорлари қабул қилишнинг назорат-таҳлилий таъминотини назарда тутади. 

Фармон билан бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бошқариладиган Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳам ташкил этилди. 

МанбаЎзбекистон Президентининг сайти

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.