Ўзбекистонда руҳий бузилишларга эга шахсларнинг ягона реестри жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда  руҳий бузилишларга эга шахсларнинг ягона реестри жорий этилиши мумкин

“Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонунга ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилади. Қонунчилик палатаси депутатлари ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилмоқда, деб ёзади Sputnik нашри парламент қуйи палатасига таянган ҳолда.
 
Қонунга ўзгартиришлар киритишдан кўзда тутилган мақсад руҳий ҳолати бузилган шахслар манфаатлари йўлида маъмуриятчилик сифатини ошириш, психиатрия хизмати билан давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорлик тизимини шакллантириш ҳисобланади.

Лойиҳада руҳий ҳолати бузилган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва психиатрия ёрдами билан таъминлаш, психиатрия ёрдами кўрсатувчи шахслар ва муассасалар белгилаб берилди.

Шунингдек ҳужжатда аввал миллий қонунчиликда бўлмаган “психиатрия ёрдами”, “психиатрия муассасаси”, “руҳий ҳолат бузилиши” каби тушунчаларга аниқ таърифлар берилди.
 
Қонун лойиҳасида алоҳида модда билан республикамизда руҳий ҳолати бузилганлиги сабабли диспансер кузатувига олинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг психиатрия муассасаларида қанча муддат бўлганликлари, берилган дори воситалари, кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва тақдим қилинган имтиёзлардан иборат маълумотларнинг ягона электрон реестри юритилиши киритилган. 
 
Ҳужжатда руҳий ҳолати бузилган шахсларни жамиятда асоссиз камситишга йўл қўймаслик, шу билан бирга, жамиятни руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ижтимоий хавфли қилмишларидан ҳимоя қилишга қаратилган нормалар ўз аксини топган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.