Ўзбекистонга Россиянинг «Спутник V» вакцинаси намуналари олиб келинди

Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров Тошкентга коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси намуналарини шахсан етказиб берди, деб ёзади Gazeta.uz РФ саноат ва савдо вазирлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда.

«Намуналар Ўзбекистон ҳудудида вакцинани рўйхатдан ўтказиш ва саноат ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун зарур бўлган синовлар учун Ўзбекистонга етказилди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон санитария-эпидемиология таъминоти хизмати вакили Россия вакцинасини синовларини бошлаш вақтлари тўғрисидаги саволга жавоб берар экан, бугунги кунда ушбу масала муҳокама қилинаётгани, ҳукумат қарори кутилаётганини айтди.

Маълумотларга кўра, вакцинанинг дастлабки 100 дозаси кеча самолётда етказилган. «Олиб келишгунга қадар, -20 даража ҳароратда музлатгичга қўйилган эди», дейилади манбада.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.