Ўзбекистонлик талабалар Қирғизистон олий ўқув юртларини тарк эта бошлади

Ўзбекистонлик талабалар Қирғизистон олий ўқув юртларини тарк эта бошлади

Ўш давлат университетининг тиббиёт факультетида таҳсил олувчи ўзбекистонлик талабалар  ўз ўқишларини Ўзбекистонда давом эттириш имкониятини кўриб чиқишмоқда. Бу ҳақда факультет декани Одилбек Исмоилов маълум қилади, деб ёзади Turmush.kg.

Бундан олдин Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон олий ўқув юртларида таълим олаётган ўз юртдошларига ватанидаги ўқув юртларига келиб ўқишни таклиф қилганди.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида таъкидлашларича, ўзбекистонликларга ватанида ўқишни давом эттириш имкониятигина тақдим этилади, йўлдош масалаларни эса уларнинг ўзи ҳал қилишлари лозим.

«Ҳозирча расмий хат олганимиз йўқ, – дейди Одилбек Исмоилов. Фақат электрон хат келди холос. Бизда ўқиётган талабалар ўз мамлакатига қайтиш ва ўқишни у ерда давом эттириш учун ҳужжатлар тайёрлашни бошлади. Контрактда таълим учун пулнинг ҳаммасини тўламаган биринчи курс талабаларига ҳозирча рухсат берилмаслиги кўрсатилган. Ўзбекистон олий ўқув юртлари 7 февралдан 15 февралгача талабаларни имтиҳонсиз қабул қила бошлайди. Бизда Ўзбекистондан 1500 та талаба ўқийди. Ўқишини Қирғизистонда давом эттириш нияти борлар ҳам мавжуд».

Ўш гуманитар-педагогика университетида талабалар ўз ватанига қайтишни бошлагани ҳақида маълум қилишди. “Бизнинг ўқув юртимизда Ўзбекистондан тахминан 2000 нафар талаба таълим олади. Улардан 1000 нафари кундузги таълим шаклида, қолганлари – сиртқи. Кундузги таълим шаклида ўқиётганлар кетишни бошлади. Аммо шартнома бўйича улар бутун ўқув йили учун пул тўлашлари керак. Ўқишларини 2-курсдан ўтказишлари мумкин. Биз фақат синов дафтарчаларини тўлдирамиз холос”, – дея қайд этади олий ўқув юртининг матбуот хизмати.

Ўш Технология университети ректори Абдуқодир Обидовнинг айтишича, ўқув муассасасида 2500 нафар Ўзбекистон фуқароси таълим олади. “Ҳозир биз уларга бизда таълим олаётгани ҳақида ва 1-семестрни якунлаганлари ҳақида маълумотнома беряпмиз. Талабалар ҳозирча кетишмаяпти. Бизда амал қилувчи қонунчиликка кўра талабалар фақат биринчи курсни якунлаганларидан кейингина ўқишларини ўз ватанларига ўтказишлари мумкин”, – дейди ректор.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.