Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида қуёш электр станциялари қурилади

Энергетика вазирлиги қуёш энергияси соҳасидаги навбатдаги лойиҳа – “Шеробод қуёш фотоэлектр станцияси (ФЭС) лойиҳасининг II босқичи” (Шеробод II) бошланганлиги тўғрисида хабар беради.
 
Янги лойиҳа Энергетика вазирлиги томонидан Ўзбекистон ҳукумати ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 1 ГВт қуёш энергияси учун рақобатбардош савдолар ўтказиш учун техник ёрдам кўрсатиш тўғрисида умумий меморандум доирасида амалга оширилади.
 
Шеробод II лойиҳаси Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 300 МВт қувватга эга фотоэлектр станциясини қуришни кўзда тутади. Мазкур станция 2024 йилга қадар ишга туширилади. У 2020 йил февралда эълон қилинган биринчи Шеробод I лойиҳаси объектларига яқин жойда қурилади.
 
Йиллик ишлаб чиқариш 1,1 миллиард кВт. соатдан ортиқ бўлган 500 МВт қувватга эга 2 та ФЭС ҳудуддаги йиллик электр энергияси истеъмолининг тахминан 30 фоизини таъминлаш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек вазирлик, давлат-хусусий шериклиги асосида қуёш фотоэлектр станцияси (ФЭС) қурилиши бўйича «Scaling Solar 3» учинчи лойиҳаси бошланиши тўғрисида эълон қилди.
 
«Scaling Solar 3» учинчи лойиҳаси доирасида умумий қуввати 500 МВт бўлган учта ФЭС қурилиши режалаштирилиб, уларнинг инвесторлари тендер натижасига кўра аниқланади. Учинчи лойиҳа бошланиши 2021 йил февраль ойига режалаштирилган. ФЭС қурилиши Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларида амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Вазирликнинг қайд этишича, 2020 йил бошида Самарқанд ва Жиззах вилоятларида умумий қуввати 400 МВт бўлган  2 та «Scaling Solar 2» ФЭС қурилиши лойиҳаси бўйича тендер эълон қилинган эди. Ушбу лойиҳалар бўйича ҳозирги вақтда тендер савдолари амалга оширилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.