UzReport TV vs Beeline TV: суд мажлиси қандай ўтди

Иқтисодий ишлар бўйича Тошкент туманлараро судида UzReport TV нинг Unitel (Beeline) компаниясига даъво аризаси бўйича мажлис ўтказилди. Телеканал мобил операторни муаллифлик ҳуқуқларини бузганликда айблади. Телеканалнинг даъво аризасида Beeline компанияси келишув тузмаган ҳолда ўзининг Beeline TV мобил иловасида UzReport TV ва Futbol TV телеканалларининг эфирларини ретрансляция қилиш билан шуғуллангани қайд этилади. Ишни судья Виталий Ли кўриб чиқди, дея хабар беради Anhor.uz мухбири.
 
Телеканал ҳуқуқшуноси Мирзоҳид Ғаниев судьядан суд жараёнини тасвирга олишга рухсат сўради. Unitel компаниясининг юрисконсульти Сардор Баҳромов бу масала суднинг ихтиёрида қолишини қайд этди. Судья кейинги мажлисда тасвирга олиш мумкин бўлишини билдирди.
 
Жавобгар телеканал ретрансляциясини UzKabel билан лицензион келишув асосида амалга оширилаётганини айтади. “Биз Uzreport TV ни чиқариб ташлаш олмаймиз, бу лицензион келишувнинг бузилиши ҳисобланади”.

Сардор Бахрамовнинг сўзларига кўра, учинчи томонларнинг аризалари билан боғлиқ масалалар UzKabel томонидан мустақил равишда ҳал қилинади. Жавобгарнинг ушбу масала бўйича Ахборот технологиялар вазирлигига, UzKabel компаниясига ҳамда UzReport TV га ёзма аризалар билан мурожаат қилганини билдирди. Судья UzKabel компаниясининг жавоби қандай бўлганини сўради. Саржор Баҳромов  UzReport TV телеканали  UzKabel компаниясига шикоятлар билан мурожаат қилмаганини айтди. Ўз навбатида, Мирзоҳид Ғаниев UzReport TV ва UzKabel компаниясида келишув йўқлигини қайд этди.
 
Сардор Баҳромовнинг айтишича, компания UzReport TV телеканалига ўз саволларини UzKabel компаниясига йўналтиришини кераклиги ҳақидаги ёзма баёнот билан мурожаат қилинган.
 
Даъвогар эса Beeline TV иловасида 1 млн дан ортиқ юклаб олишлар бўлганини қайд этиб, бой берилган манфаат ҳақида таъкидлади. Бунга жавобгар бу UzReport TV телеканалини ҳамма кўришини билдирмаслигини айтган. Шунингдек Сардор Баҳромов  фойдаланувчилар иловани юклаб олган, аммо ундан  фойдаланмаган ёки фақат бепул каналларни томоша қилган бўлиши мумкинлигини қайд этди.
 
Судья кейинги мажлисга айнан UzReport TV телеканалини қанча фойдаланувчи томоша қилиши ва телеканал иловада қачондан буён ретрансляция қилинаётгани ҳақидаги маълумотларни тақдим этишни сўради.
 
UzReport TV телеканали бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари Алишер Азимов каналнинг UEFA билан келишуви борлигини ва бу халқаро ҳуқуқнинг бузилиши масаласи эканини айтади.
 
Мирзоҳид Ғаниев UzReport TV ва Beeline TV ўртасида тегишли келишув тузилиши зарурлигини қайд этади.
 
Жавобгар Ахборот технологиялари вазирлиги ва UzKabel компанияси мутахассисларини эксперт сифатида кейинги мажлисга жалб этиш ҳақида илтимоснома киритди. Мажлис 17 июнь куни соат 12.00 да ўтказилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.