Яна автомобиль саноати ва айрим депутатларнинг хабардорлик даражаси ҳақида

Яқинда депутат Алишер Қодировнинг “автомобиль саноати – бу мамлакатни ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам интеллектуал жиҳатдан кучлироқ қиладиган соҳа” деб айтган гапи ушбу материални ёзишга сабабчи бўлди. “Кучли давлатлар ушбу соҳани инқироз даврида ҳам бежиз қўллаб-қувватламайди. Масалан, Россия ҳатто энг қийин иқтисодий инқироз даврида ҳам “АвтоВАЗ”ни ёпгани йўқ. Кимга керак бўлса, ўша тушуниб олади. Ўзбекистонда автомобиль саноатини йўқ қилиб, хориждан автомобиллар импортини йўлга қўйиш керак деб ҳисоблайдиган “ватанпарварлар” нафақат сиёсатда, балки иқтисодиётда ҳам ҳеч нимага тушунмайди”.  
 
Бу баёнотни қарши чақириқ деб ҳисоблайман, шу боис ўзимнинг шахсий нуқтаи назаримни баён этишни ўз бурчим деб биламан. А.Қодировга қарши шуни айтишни истардим: Ўзбекистон автомобиль саноати мамлакатимизни ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам интеллектуал жиҳатдан кучсиз қилмоқда.

Ўзавтосаноатнинг алоҳида ҳолати ва ҳаракатлари сабабли юзага келган мамлакатнинг иқтисодий заифлиги қуйидаги омилларда намоён бўлмоқда:

Биринчидан,  соҳадаги 20 дан ортиқ корхоналарни бирлаштириб турган «Ўзавтомоторс» АЖ аллақачон мамлакат олтин-валюта захиралари (ОВЗ)нинг асосий “хўрандаси”га айланган. Айтиш жоизки, ушбу ОВЗ, жумладан, иқтисодиёт бошқа соҳаларининг маҳсулотларини экспорт қилиш, олтин ва мамлакатнинг бошқа табиий захираларини сотиш ҳисобидан тўпланган.

Хусусан, 2020 йил якунлари бўйича соҳанинг экспорт ҳажми 0,22 млрд АҚШ долларига тенг бўла туриб, ўзининг импорт эҳтиёжлари учун 2,34 млрд АҚШ доллари сарфлаган. Мамлакат соҳанинг валюта “иштаҳасини” кўп йиллар давомида субсидиялаб келмоқда. Агар Марказий банк ҳар чоракда чет эл валютасининг энг йирик 20 та харидори ҳақидаги маълумотларни чоп этганида, мамлакат ўз “қаҳрамонларини яхши таниган бўларди”. Умумий валюта харид қилиш ҳажмлари шаффоф бўлиши жуда муҳим. Масалан, таҳририятда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, 2020 йилда тармоқ инвестиция кўринишида бир доллар ҳам жалб этмаган.

Иккинчидан, “Ўзавтомоторс” АЖ бизнес учун зарур бўлган автомобилларни ишлаб чиқармайди. У ишлаб чиқарадиган автомобиллар линейкасида қурилиш, транспорт, кичик бизнес соҳаларида ҳақиқатдан ҳам талабга эга бўлган машиналарни тополмайсиз. Бизда кичик габаритли енгил юк автомобиллари, фермерлар учун автомобиллар, юк автомобиллари учун юклаш-тушириш ечимлари йўқ. Тармоқ улкан инвестицион имкониятларга эга бўла туриб, ҳайдовчиларга нафақат одам ташиш билан мустақил равишда пул ишлаб олишга, балки ҳақиқатдан ҳам зарур хизматларни таклифини яратишга ёрдам берадиган талабга эга машиналарни ярата олмади. Бу ерда менга эътироз билдириб,  Chevrolet Damas автомобилини мисол сифатида келтиришлари мумкин. Бироқ ушбу унчалик мустаҳкам бўлмаган машинанинг функционал имкониятлари қай даражада чекланган эканини ҳамма билади (автомобиль замонавий хавфсизлик стандартларига, шу жумладан тормоз тизимининг сифати ва бурилишларда турғунлиги бўйича тўғри келмайди). “Ўзавтосаноат” АЖ жарангдор шиорлар ўрнига ўтган муддат ичида ушбу моделни ўз кучлари билан янгилаши (кенгайтириш, узайтириш, қулайлик ва қувватни ошириш) ва янги “халқ автомобилини” яратиши мумкин эди.

Учинчидан, «Ўзавтомоторс» АЖ уч йилдан буён кичик бизнес учун машиналар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ўрнига қимматбаҳо машиналар импортига йўналиш олган. Машиналар импортидан тушадиган даромад тармоқ ялпи даромадининг 41% дан ортиғини ташкил қилади, импорт тармоқнинг энг манфаатли ва беташвиш бизнесига айланди. Тармоқ бор-йўғи 12 мингга яқин тайёр қимматбаҳо машинани импорт қилган ҳолда (сотилган автомобиллар умумий сонининг 4%) умумий тушумнинг қарийб 41% даромадини олади, бунда у 278 мингта автомобилни йиғишдан (23,56 баравар кўп – сотилган машиналарнинг 96%) умумий тушумнинг 59% ни олади. Энди ҳатто А.Қодировга ҳам тармоқнинг реал манфаатлари қаерда экани яққол бўлди, деб ўйлайман. Манфаатлар – бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган, божлар ва солиқлардан озод этилган ҳамда халқ хўжалигининг бошқа тармоқларидан келадиган экспорт тушуми ҳисобидан мамлакатимиз томонидан тўланадиган қимматбаҳо машиналар импортида. Ҳукумат “Ўзавтомоторс” АЖ машиналарининг импортига қўйиладиган барча солиқлар ва божларни бекор қилган ҳолда, боқимандалик ва коррупция учун идеал шароитларни яратди.

Тўртинчидан, “Ўзавтомоторс” АЖ машиналарга сотилганидан кейин хизмат кўрсатишнинг кенг кўламли, самарали тизимини йўлга қўймаган. Аксинча, ҳатто борини ҳам йўққа чиқарди. Бугун GM машинасининг эгаси камдан-кам ҳоллардагина компания дилерлари ҳузуридаги сервис марказларига мурожаат қилади, чунки хизмат кўрсатиш сифати паст, нархлар эса нисбатан юқори. Техник хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантиришдан деярли воз кечиш маҳаллийлаштириш тизимининг ривожланишини тормозлади. Эҳтиёт қисмларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш завод учун рағбатлантирувчи омилга айланмади, чунки божсиз ва солиқларсиз импорт қилиш анча манфаатли.

Бешинчидан, тармоқ мамлакат учун жуда зарур бўлган бандликни бермади. Унда бор-йўғи 28 мингга яқин киши ишлайди. Агар мамлакат ўша валютани битта иш ўрнини яратишга сарфлаганида, унинг солиштирма харажатлари 1 иш ўрни учун 83,6 минг АҚШ долларини ташкил қилган бўларди. Бундай инвестициялар имконли бўлган ҳеч бўлмаганда битта ишлаб чиқаришни айта оласизми… Натижада, Асакадан ва, умуман, Андижон вилоятидан кўплаб одамлар, ўз оиласи ва фарзандларини тарк этган ҳолда, чет элда иш излашга мажбур. Наҳотки, бу мамлакат иқтисодий қувватини оширишнинг асосий усули бўлса?
 
Ушбу фактларнинг ҳаммаси таҳлил қилинганидан кейин яна кимдир тармоқ Ўзбекистонни иқтисодий жиҳатдан кучли қилади, деб таъкидлашига ишонмайман.

Энди ушбу вазиятнинг сиёсий таркибий қисми ҳақида. Ҳаммамиз Россияга “экспорт қилинган” “Ўзавтомоторс” АЖ компаниясининг кўп минглаб машиналари ҳамда РФдаги компаниянинг кўплаб расмий дилерларининг активлари, “Ўзавтомоторс” АЖ ўз мажбуриятларини бажармагани учун, судларга мурожаат қилган дилерлар ва харидорларнинг даъволарини таъминлаш мақсадида РФ турли инстанция судларининг қарорлари билан ҳибсга олинганини эслаймиз.  РБК маълумотларига кўра, Ўзбекистон ижро учун Россияга олиб келинган суд қарорлари сони бўйича етакчи мамлакатга айланган (29 та қарор). 2018 йил давомида РФ арбитраж судлари томонидан умумий қиймати қарийб 6 млрд руб.ни ташкил қилган чет эл арбитраж судларининг қарорларини тан олиш ва ижро этиш ҳақида 130 та ариза кўриб чиқилган. Энг йирик сумма – 1,34 млрд руб. – уни «General Motors Uzbekistan» ҚК даъвоси бўйича суд қарорларида кўриш мумкин. Бироқ бошқа кўплаб ишлардан фарқли ўлароқ бу ушбу суммани ундириш ҳақидаги қарор эмас: Ўзбекистон суди GM компаниясининг (Ўзбекистон) россиялик ўз дилерлари учун «Пересвет» Россия банки олдидаги 1,34 млрд руб.лик кредит бўйича кафиллик шартномаларини арзимаган деб тан олди. Яъни Ўзбекистоннинг суд ҳокимияти ҳам, мамлакатнинг инвестицияларни ҳимоя қилиш ҳақидаги икки томонлама шартномалари бўйича мажбуриятларига қарамасдан, монополиячимизнинг манфаатларини ҳимоя қилишга мажбур. Ахир «Ўзавтомоторс» АЖ «General Motors Uzbekistan» ҚКни қайта ташкил қилиш асосида яратилган ва халқаро ҳуқуқ бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Мамлакатнинг энг таниқли экспортчиси ҳисобланган давлат компаниясига қарши унинг кўп миқдордаги шерикларининг (собиқ) даъволари мавжудлигини мамлакатнинг сиёсий активи деб ҳисоблаш мумкинми? Айтиш жоизки, судлар ушбу даъволар бўйича қарорларни Ўзбекистоннинг давлат экспортчиси фойдасига қабул қилмаган.

Депутат фаолияти шунчалар қайғули иқтисодий ва сиёсий оқибатларга олиб келаётган монополиячини ҳимоялаб чиқар экан, қандай мантиққа амал қилгани қизиқ. Бунда ўз манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатларидан юқори қўйган чекланган миқдордаги кимсаларнинг манфаати йўқмикин? “Ватанпарварлик” ва “омилкорлик” атамалари остида у нимани тушунишини эшитиш қизиқарли бўларди.

Ва ниҳоят, масаланинг интеллектуал таркибий қисми ҳақида: бутун дунёда Research and Development (R&D) деб аталадиган тадқиқотчилик, тажриба-конструкторлик ва лойиҳалаштириш йўналишлари мавжуд бўлмаган бутун бир тармоқнинг интеллектуал салоҳияти ҳақида қандай гапириш мумкин. Тармоққа 28 йил тўлди, R&D бўлими эса ҳамон йўқ.

Автомобиль тармоғи корхоналари томонидан қандай янги патентлар тақдим этилди ва ҳимоя қилинди? Улар Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ташкиллаштиришга қай даражада асос бўлди? Дунё миқёси ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.

Тармоқда бор-йўғи 28 минг киши банд бўлса, унинг мамлакат учун қандай интеллектуал салоҳияти ҳақида гапириш мумкин?

Бутун маданий дунёда бундай даражадаги корхоналар SAP тизимини қўллайди, у ҳеч кимга (ҳеч кимга!) мустақил равишда ҳисоб ва ҳисоботлик тизимига тузатишлар киритишига йўл қўймайди. Бироқ ушбу тизимга неча минг доллар сарфланган бўлса-да, у ҳозирга қадар тармоққа жорий этилмаган. Ҳисобга олиш ишлари Excel дастурлари (1-С) асосида юритилади.
 
Афсуски, бизда бу муҳокама сиртдан амалга ошмоқда. Ушбу саволларга депутатнинг жавобларини эшитишни истардим. Ўйлайманки, халқ депутати вазиятни жуда яхши билади. Эҳтимол, ўзига маълум мулоҳазаларга кўра муғомбирлик қилаётгандир.

Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.