Янги қонун лойиҳасида коррупция ҳақида хабар берган шахслар ҳақидаги маълумотларни давлат сирига айлантириш таклиф этилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид лойиҳани муҳокамага қўйди. Бу ҳақда UzNews нашри хабар беради.
 
Унга мувофиқ, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётганларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш таклиф қилинмоқда.
 
Хусусан, амалдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон қонунининг 28-моддасини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф қилиняпти:
 
“Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг шахси сир сақланиши, ўзининг, шунингдек яқин қариндошларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланади. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар тўғрисидаги маълумотлар давлат сирини ташкил этади ва ошкор қилиниши мумкин эмас. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустасно.
 
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларга, шунингдек уларнинг яқин қариндошларига зўрлик ишлатиш ёки мол-мулкини йўқ қилиш билан ҳақиқатда таҳдид қилинаётганлигидан далолат берувчи етарли маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, коррупцияга қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи органлар уларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулкини ҳимоя қилиш юзасидан зарур чоралар кўриши шарт.
 
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларга ва уларнинг яқин қариндошларига уларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот тақдим этганлиги туфайли тажовуз қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
 
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
 
Ушбу модданинг қоидалари коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида била туриб ёлғон ахборот берган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди, улар қонунга мувофиқ жавобгар бўлади”, – дейилади хабарда. 

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 2021 йил 8 январгача давом этади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.