Йил охирига келиб Самарқанд вилоятининг газ таъминоти бўйича дебиторлик қарздорлиги 785 млрд сўмни ташкил қилди

Йил охирига келиб Самарқанд вилоятида газ таъминоти бўйича дебиторлик қарздорлиги 785 млрд сўмни ташкил қилган, бенда қарздорлик йил боши билан солиштирганда 163,3 млрд сўмга ёки 26% га ошган. Қарздорликнинг энг юқори кўрсаткичи Самарқанд шаҳрида (313,9 млрд), Пастдарғом (118,7 млрд) ва Самарқанд (72,4 млрд) туманларида қайд этилган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд вилоят Халқ депутатлари кенгашининг ўн тўққизинчи сессиясида маълум қилди, деб ёзади Samcity.

«Бугунги кунда Самарқанд вилояти ойига 34 млн 307 минг кубометр газ етишмовчилигини ҳис қилмоқда. Натижада газ қувурларидаги газ босими вилоят туманларида ҳам, Самарқанд шаҳрида ҳам тушиб кетди. Бу аҳолининг адолатли норозилигини келтириб чиқармоқда», – дейди вилоят ҳокими.

2020 йилда 25 млрд сўмлик газ тармоғи реконструкция қилинди. Оқдарё ГТСдан Ўзбектракт, Шохизинда, А.Шомуродов кўчалари бўйлаб Панжикент кўчасигача диаметри 325 мм ва узунлиги 11,5 км бўлган юқори босимли газ қувурини ўтказиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Рудакий ва Бўстонсарой кўчаси бўйлаб узунлиги 800 м бўлган участкада диаметри 530 мм бўлган юқори босимли ер ости газ қувурлари янгиланди.

Бундан олдин Ўзбекистон президенти суткасига 20 млн кубометр газ етишмовчилигини ҳис қилаётганини қайд қилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.