Йирик нашрлар Қашқадарёда “темир дафтар” билан боғлиқ “спектакль” ҳақидаги ўчириб ташланган Kun.uz мақоласи ҳақида ёзмоқда

Йирик нашрлар Қашқадарёда “темир дафтар” билан боғлиқ “спектакль” ҳақидаги ўчириб ташланган Kun.uz мақоласи ҳақида ёзмоқда

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида маҳаллий маъмурият эҳтиёжманд оилаларнинг «темир дафтар» рўйхатида бўлмаган шахсларга ер участкаларини ажратиб берди, деб ёзди Kun.uz. Бироқ нашр «„Темир дафтар“ бўйича навбатдаги спектакль. Ролларда яна маҳалла раиси ва туман мутасаддилари» деб номланган мазкур мақолани ўчириб юборди. Мақола 15 сентябрь куни соат 21:20 да чиқарилган (15 минг марта ўқилган) ва Google-кэшда сақлаб қолинган. Бу ҳақда Gazeta.uz нашри ёзади.

Қайд этилишича, 7−8 сентябрь кунлари Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги журналистлар учун «темир дафтар»га киритилган ва ёрдам кўрсатилган оилаларнинг шароитлари билан танишиб чиқиш мақсадида Қашқадарё вилоятига пресс-тур ташкил қилган.

Таклиф қилинган журналистлар орасида ўчирилган мақола муаллифи Илёс Сафаров ҳам бўлган. Унинг ёзишича, Китоб тумани ҳокими Алишер Зокиров Яккатут маҳалласидаги 81 нафар фуқаро оилавий шароити оғирлиги ва коронавирус пандемияси пайтида даромадини йўқотиши сабабли «темир дафтар»га киритилганини айтган.

Мақолада таъкидланишича, Алишер Зокиров ушбу фуқароларнинг 6 нафарига маҳалла ҳудудидаги самарасиз дея ҳисобланган 10 гектар боғ ҳудуди сабзавотчилик фермер хўжалиги сифатида бўлиб берилгани ҳақида айтган. Маҳалла раиси Баҳодир Янгибоев ҳам: «бу одамлар «темир дафтар»да бўлгани учун уларга ер бердик ва яқин орада камбағаллик рўйхатидан ҳам чиқармоқчимиз, чунки энди улар доимий даромадли кишилар» — деган.

Аммо солиштиришда маълум бўлдики, бизга кўрсатилган 6 нафар фуқародан фақатгина бир нафари маҳалланинг «темир дафтар”ига киритилган экан. Яна бир фуқаронинг ҳолати эса баҳсли.

Илёс Сафаровнинг айтишича, маҳалла раиси Баҳодир Янгибоев «мужмал» жавоб берган ва буларнинг барчасига ер олган одамларнинг ўзи, уларнинг билимсизлигини сабаб қилиб кўрсатган. «Шу ерда картошка экканлар биз ҳам «темир дафтар»да бормиз, деб ўйлашди. Улар тушунмаган», — деди маҳалла раиси.

Шунингдек, туман ҳокими Алишер Зокиров ҳақиқатан ҳам ерни тақсимлаш пайтида фақат икки киши муҳтожлар рўйхатида бўлганини тан олди. «Ўша пайтда сиз савол берганингизда маҳалла раиси 6 киши деб айтди. Суриштириб кўрганимизда эса мен адашдим, деяпти. Лекин ўша жойда сиз кўрган инсонларнинг барчаси кам таминланган кишилар эди, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам «темир дафтар»га кирмаган», — унинг сўзларини келтирди Kun.uz.

Журналистнинг таъкидлашича, маҳалла раиси вилоят расмийларидан журналистлар келаётгани сабаб аҳоли билан олдиндан тайёргарлик кўриш бўйича топшириқ олган. Бундан ташқари, у билан суҳбатда, ер олувчилардан бири «темир дафтар»га киритилган бўлсада, муҳтожлар рўйхатида бор ёки йўқлигини билмаслигини айтган.

Шу билан бирга, мақолада ижобий жиҳатлар ҳам кўрсатилган. Маҳаллада яшовчи «темир дафтар» га киритилган 80 ёшли Норчучук Бегалиева доимий равишда озиқ-овқат (ун, мой, гуруч, макарон, гўшт) таъминланиб туришини ва яқинда унга 1 млн сўмлик ёрдам кўрсатилганини айтган.

«Газета.uz» мақоланинг олиб ташланиш сабаби ҳақида изоҳ олиш учун Kun.uz билан боғланди, аммо жавоб олмади.

Қайд этиб ўтамиз, Daryo.uz нашри ҳам Kun.uz нашрининг мақоласини қайта босиб чиқарган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.