Юзлаб юк машиналарининг ҳайдовчилари Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидан ўтолмаяпти
Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида жойлашган “Ойбек” назорат-ўтказиш пункти (НЎП) да 200-250 та юк машинаси тўпланиб қолган, чунки ҳайдовчилар COVID-19 га тест натижаларини бир неча кун кутишига тўғри келяпти, деб ёзади “Фергана” нашри.
НЎПда 9-10 суткалаб турган шофёрлар ҳам бор. Уларнинг овқатига кунига тахминан 100 минг сўм кетмоқда, бу ерда бир ҳафта ва ундан ортиқ турганларда эса пул тугаб боряпти. Бунинг устига ҳайдовчилар қуёшда қизиб кетадиган кабиналарда яшашига тўғри келмоқда. Машиналар турадиган майдонда жой йўқ.
“Имтиёзли” юк машиналари ҳам бор экан. “Фергана” нашрининг манбаси айтишича, “Тошкент-Сити” лойиҳаси учун қурилиш материалларини олиб кетаётган цемент ташувчиларни чегара орқали жуда тез ўтказиб юборишган. Қолганлар натижаларни кутмоқда. Айрим ҳайдовчилар юкни Ўзбекистонга олиб ўтишга умиди қолмай Тожикистонга қайтишга уринган. Аммо уларни у ерга ҳам маълумотномасиз қўйишмаяпти.
Манбанинг сўзларига кўра, карантин зоналари барча чегараларда мавжуд. Аммо аввал таҳлилларни 12 соат давомида ёки узоғи билан бир сутка ичида қилишарди. Июль ойи бошидан вазият ўзгарган, натижалар жуда секин кела бошлаган.
Бош саҳифадаги фотосурат: “Фергана” АА
Шарҳлар