Зўрлик ишлатишдан жабрланган аёлларни реабилитация қилиш марказлари ўзгартирилади

Ўзбекистон президенти «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази тугатилади. Унинг негизида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади, деб ёзади “Норма” нашри.

Мавжуд 197 та зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларини оптималлаштириш ҳисобига 29 та Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича марказлар (кейинги ўринларда – марказлар), шу жумладан 1 та Республика маркази, 14 та ҳудудий марказлар ва 14 та туманлараро марказлар ташкил этилади.

Марказларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш; 
  • оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлашга кўмаклашиш; 
  • давлат органлари ва фуқаролар жамиятлари институтларининг хотин-қизларнинг ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларини ўрганиш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ўз жонига қасд қилган хотин-қизларни нормал ҳаётга қайтариш бўйича фаолиятига яқиндан кўмаклашиш; 
  • «Аёллар дафтари»га киритилган психологик ва ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож хотин-қизларни (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизларни) ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва «Аёллар дафтари»дан чиқариш чораларини кўриш  ва бошқалар. 

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 24 соат узлуксиз ишлайдиган «ишонч телефони»ни (республика доирасида ягона қисқа рақам) йўлга қўйиш топширилди. У орқали шошилинч руҳий, психотерапевтик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади, маслаҳат берилади ва ахборот тақдим этилади.

Фотосурат: mytashkent.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.