Халқаро курьерлик юкларига божхонада ишлов бериш. Навоийдан Тошкентга
2019 йил сентябрь ойида курьерлик юкларига божхона ишловини бериш тезкорлик билан Тошкентга кўчирилди. “Навоий” аэропортининг божхона пости бошлиғи берган изоҳга кўра, бу Навоийдаги улкан карго-терминалда халқаро курьерлик жўнатмалари (ХКЖ) каби махсус юкларга ишлов бериш учун тегишли шароитлар ва зарур техник имкониятлар йўқлиги билан боғлиқ вақтинчалик чора ҳисобланади. Нега ХКЖга ишлов бериш алоҳида шароитларни талаб қилади ва айнан қандай қоидабузарликлар аниқлик киритилгунча юкларнинг тўхтаб қолиш сабабига айланади, баъзида эса жиноий ишлар қўзғатилишига олиб келади? Бу ҳақда Тошкентда жойлашган ХКЖга божхона ишловини бериш бўйича ёпиқ ҳудудга ташкил қилинган пресс-тур доирасида журналистларга ҳикоя қилиб беришди.
Ўзбекистоннинг қаерида дунёнинг 180 та мамлакатидан келадиган ХКЖ кўздан кечирилади?
Ўзбекистонда халқаро курьерлик ва почта жўнатмаларига божхона ишловини бериш божхона ишловининг барча қоидалари бўйича жиҳозланган, манфаатдор органларга, шу жумладан ДБҚ Марказий аппаратининг коррупцияга қарши курашиш бўлими ва ўз хавфсизлик бўлимларига тўғридан-тўғри трансляцияга эга бўлган тотал видео-кузатув ўрнатилган махсус божхона зоналарида амалга оширилади. Хусусан, “Ўзбекистон почтаси” манзилига барча турдаги транспорт воситалари орқали келадиган халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари Марказий (шимолий) вокзал божхона ҳудудида ишлов берилади. Авиация ва автотранспорт орқали дунёнинг 189 та мамлакатидан келадиган қолган ХКЖ Ташқи иқтисодий фаолият “Бошпочтамтига” келиб тушади, у 2016 йил февраль ойидан пойтахтдаги халқаро аэропорт яқинидаги замонавий жиҳозланган «CPT-pochta» омборида жойлашган.
Яқин пайтгача, 2018 йил сентябридан 2019 йил сентябригача, пойтахт аэропортини бўшатиш мақсадида 2018 йил августида Туркиядан келадиган чартер юк рейслари “Навоий” Халқаро интермодал логистика маркази (ХИЛМ)га кўчирилганидан кейин, ХКЖга божхона ишловини бериш “Навоий” аэропорти ҳудудида ҳам ўтказиларди. У ерда ХКЖнинг божхона назорати 1 гектар келадиган майдонга эга улкан юк терминалида амалга оширила бошланди, у аввал бошидан тижорат карго-юкларининг йирик партияларини етказиб бериш, тушириш ва уларга ишлов беришга жиҳозланган эди.
ХКЖ кўрикдан ўтказиш вақтинчалик Навоийдан Тошкентга кўчирилди
2019 йил сентябрь ойида, мажбуриятларни ўз зиммасига олган “Навоий” аэропортининг дирекцияси курьерлик жўнатмаларининг тўлақонли назоратини, уларга ишлов бериш ва расмийлаштириш ишларини амалга ошириш учун тегишли шароитларни таъминлай олмагани учун ХКЖга божхона ишловини берувчи божхона постининг фаолияти вақтинчалик тўхтатилди ва Тошкентга кўчирилди.
Бугунги кунга келиб, Туркиядан “Навоий” аэропортига келувчи барча халқаро курьерлик юклари автотранспортга юкланади, пломбаланади ва назорат остида барча қоидалар бўйича жиҳозланган ТИФ “Бошпочтампти” божхона постига мажбурий кўрикдан ўтиш учун Тошкентга жўнатилади. Ишловдан ўтказилган юк курьерлар томонидан пойтахт доирасида манзиллар бўйича тақсимланади ёки Ўзбекистон вилоятларига олиб чиқилади. Статистика маълумотларига кўра, ХКЖ олувчилари умумий сонининг катта қисми айнан Тошкентда жойлашган.
«Навоий»лик курьерларга махсус пасайтирилган ставкалар таъминланди
ХКЖ божхона кўригидан ўтиш учун Навоийдан Тошкентга ўтказилганидан кейин, навоийлик юк олувчи курьерлар учун махсус равишда иш вақти доирасида бир килограмм юкга ишлов берганлик учун ҚҚСсиз 450 сўм миқдорида пасайтирилган ставка белгиланди. Бу Навоийда тегишли шароитлар яратилгунга қадар амалда бўлади. Ушбу қиймат ичига юклаш-тушириш ишлари, юкка ишлов бериш ҳамда 3 сутка давомида ХКЖ юкланган пломбаланган автомашиналарнинг бепул туриши ва қўриқланишини ҳам ўз ичига олади. Уч кундан кейин машина божхона омборидаги трураргоҳда тургани учун курьерларнинг ўзи тоннажга қараб суткасига 100 000 сўмга яқин пул тўлайди, чунки машиналар асосан дастлабки декларация ёки божхона кўригидан ўтиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар йўқлиги боис курьерларининг айби туриб қолади. Дунёнинг 189 та мамлакатидан одатий режимда Тошкентдаги ТИФ “Бошпочтамп”га келадиган қолган барча курьерлик жўнатмалари учун олдинги тариф ҚҚСсиз 775 сўм қолди, у 2016 йилдан бери ўзгаргани йўқ.
Тегишли шароитларсиз кўрикдан ўтказишнинг иложи йўқ
Журналистларнинг Навоийга сафари чоғида Божхона бошқармаси бошлиғи Жасур Эшонқулов Навоий аэропортида “Навоий” ХИЛМ божхона кўригидан ўтказиш зонасида зарур шароитларни яратиш масаласи аэропорт дирекцияси олдига, шу жумладан 2018 йил апрель ойида Президентнинг “ЎзР давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинган пайтда бир неча бор қўйилган эди.
Аммо “Навоий” аэропорти терминалида ХКЖнинг божхона назоратини ўтказиш, уларга ишлов бериш ва расмийлаштириш учун муҳим изоляцияланган стерил зона ҳануз йўқ, шунингдек божхона томонидан тўхтатилган юкларни сақлаш учун алоҳида жойлар жиҳозланмаган ва божхона пости ходимлари ишлаши учун тегишли шароитлар охиригача яратилмаган.
Шу билан бирга, “Навоий” аэропортининг божхона кўригидан ўтказиш зонасида ДБҚ Марказий аппаратининг махсус органларига тўғридан-тўғри трансляция қилувчи ва маълумотларни камида 3 ой муддатга архивлаштирувчи махсус видеокузатув камераларининг зарур сони мавжудлиги масаласи ҳам очиқ бўлиб қолмоқда.
Бундай онлайн-камералар, юқорида санаб ўтилган жиҳозлар каби, божхона ишловини бериш жараёни шаффофлигининг зарур таркибий қисми ҳисобланади. Журналистлар бунга барча қоидаларга мувофиқ жиҳозланган Тошкентдаги ТИФ “Бошпочтамп”га пресс-тур чоғида божхона пости ходимлари билан мулоқотдан кейин яна бир бор ишонч ҳосил қилишди.
Таққослаш учун: қайд этилган қоидабузарликлар статистикаси
Пресс-тур пайтида “Навоий” аэропортидаги ХКЖга ишлов бериш божхона постида бир йил ичида 40 га яқин қонунбузарлик қайд этилган: 185 млн.сўмлик контрафакт маҳсулот. Бу орада шу йил сентябрь ойининг 15 куни ичида, ХКЖ Навоийдан Тошкентга кела бошлаганидан сўнг, 86 млн сўмлик контрабанда ва тақиқланган товарлар мусодара қилинган, Туркиядан декларациясиз юклар келиши бўйича 13 та ҳолат қайд этилган, бож тўлашдан қочиш учун “шахсий фойдаланиш учун” сифатида белгиланган тижорат товари учун 700 млн сўмдан ортиқ миқдорда божхона тўловлари ундирилган.
Маълумки, ўтган йилнинг июль ойида жўнатмалар турига (почта ва курьерлик) қараб жисмоний шахслар манзилига товарларни божсиз олиб кириш бўйича божхона нормаларига ўзгаришлар киритилган эди. Бундан олдин эса почта жўнатмалари учун ҳам, курьерлик жўнатмалари учун ҳам ягона норма (ойига 1000 доллар) амал қиларди. Энди чет элдан бир марталик почта жўнатмаларининг чегаравий нормаси 100 АҚШ долларига, курьерлик жўнатмалари учун эса 1000 АҚШ долларига тенг. Шунингдек почта алоқаси операторлари ва провайдерларини жисмоний шахслар манзилига келадиган товарлар ҳақида божхона органларини олдиндан хабардор қилишни шарт қилиб қўядиган Қарор мавжуд. Бунинг учун маълумотларни олдиндан электрон шаклда тақдим этиш имконини берадиган махсус тизим жорий этилди. Маълумотлар қуйидагиларни ўз ичига олади: олувчининг ФИШ, манзили, паспорт серияси ва рақами ёки СТИР, почта алоқаси оператори ёки провайдерининг номи, жўнатилган мамлакат, жўнатма тавсифи ва унинг қиймати.
Нега божхоначилар курьерлик юкларини тўхтатиб қўйишади
Пресс-тур доирасида божхона пости ходимлари замонавий сканерлаш ва видеокузатув тизимлари ёрдамида қонунбузарликларни қандай аниқлаши, виждонсиз курьерлар ёки жўнатувчиларга нисбатан қандай чоралар кўрилиши ҳақида журналистларга батафсил гапириб беришди. Божхона томонидан тегишли божларни тўламасдан мамлакатга олиб қириш мақсадида “шахсий фойдаланиш учун юклар” сифатида белгиланадиган тижорат юклари, яъни контрабандага қарши фаол кураш олиб борилмоқда.
Хусусан, ТИФ “Бошпочтамп”нинг пост бошлиғи Шерзод Бакиев бир нечта реал воқеаларни мисол қилиб келтирди. Масалан, божхона кўригидан ўтиш пайтида божхона инспекторлари томонидан бир хил ўралган 180 та жўнатма тўхтатилди, улар рентген-ускуна орқали ўтказиш чоғида шубҳа уйғотди. Шу ўринда, келаётган жўнатмаларнинг ҳаммаси сканер қиладиган махсус ускуна орқали ўтишини ва тақиқланган буюмлар (олтин, валюта, наркотик моддалар) ҳамда бир хил жўнатмалар ни аниқлашини таъкидлаш жоиз. Улар бир хил ўралган бўлса-да, турли фуқароларга жўнатилган ва ҳар бирининг қиймати яққол пасайтириб кўрсатилган. Аниқлаш ишлари чоғида 180 та олувчи сўроқ қилинди, улар ушбу жўнатмаларга алоқаси йўқлигини айтган. Шу билан бирга бу фуқаролар олдин Туркия ҳудудида бўлгани ва битта меҳмонхонада дам олгани ҳам аниқланган, шу муносабат билан юк жўнатувчилари мазкур фуқароларнинг рухсатисиз уларнинг паспортларидан фойдалан деган тахмин юзага келган. Иш прокуратурага топширилган, жиноий иш қўзғатилган.
Тез орада божхона ва солиқ қўмитасининг ахборот тизимлари синхронлаштирилади
Шунингдек “Бошпочтамп” постининг бошлиғи ХКЖни электрон тизим орқали дастлабки декларациялаш моҳиятини тушунтирди. Агар бир чорак ичида битта жисмоний шахс манзилига қиймати белгиланган нормадан ошувчи товарлар келиб тушса, дастур бу ҳақда автомат тарзда сигнал беради.
Шу билан бирга, тизим индивидуал маълумотлардаги тафовутларни аниқлаш имконини беради, масалан, агар битта паспорт рақами кўрсатилади, лекин олувчиларнинг исми ва фамилиялари турлича бўлади. журналистларга шундай қонунбузарликлар фактлари акс этган тизим томонидан генерацияланган босиб чиқарилган материаллар кўрсатилди.
Божхоначилар тез орада Давлат божхона қўмитасининг маълумотлар тизими Давлат солиқ қўмитасининг худди шундай тизими билан синхронлаштирилишига алоҳида эътибор қаратишди. Кейинчалик қўшимча пул ишлаб олиш мақсадида контрабанда схемаларида қатнашувчи фуқаролар ҳақидаги маълумотлар солиқ хизматига тушади ва улар қонунчиликка мувофиқ солиқ ажратмаларини тўлашга мажбур бўлади.
Электрон тижорат келажаги ёки тақиқ чоралари
Айни пайтда Ўзбекистонга халқаро курьерлик жўнатмалари билан қарийб 120 та маҳаллий ва хорижий компания шуғулланади. Уларнинг орасида Feedex, DHL каби йирик бозор иштирокчиларининг ваколатхоналари ҳам бор, улар одатда жойлашиш мамлакатининг қонунчилигига амал қилади. Бутун дунёда фаол ривожланаётган электрон тижорат соҳаси нафақат халқ истеъмоли товарларининг импорти, балки маҳаллий маҳсулотлар экспортининг ҳажми ва географиясини ошириш борасида мамлакат учун юазага келаётган янги имкониятлар ҳақида гапириш имконини беради. Шу боис ҳозир, яъни ушбу йўналишнинг ривожланиш босқичида, барча иштирокчилар (хизматлар соҳасининг ходимлари учун ҳам, текширувчи органлар учун ҳам) учун шароитлар яратиш ва қоидаларни аниқ белгилаш маҳим аҳамият касб этади. Асосийси эса бу жараёнларнинг максимал шаффофлигини таъминлаш зарур. Акс ҳолда, божхона қонунбузарлар билан тақиқ чоралари орқали курашишга мажбур бўлади, масалан, ХКЖни олиб кириш учун божсиз чегарани чораклик 1000 АҚШ доллари нормасидан бир марталик 25 АҚШ долларигача камайтирган ҳолда. Бу қиймати 25 доллардан ошадиган товарларни харид қилганда истеъмолчи фақат сумманинг фақат 25 долларигача бўлган қисмидан бож тўламаслигини, сумманинг қолган қисмидан эса бож тўлашини билдиради. Наҳотки, биз шунга интилаётган бўлсак?
Камиль Исламов,
Севара Дададжанова
Шарҳлар