Менинг исмим ИШИД

Менинг исмим ИШИД

“Майамидаги касалхонада шифокор қабулини кутиб ўтирган бемор деворга осиғлиқ телевизорда Ироқ ва Шом ислом давлати (ISIS) жангариларининг навбатдаги мудҳиш жиноятлари ҳақидаги янгиликни ҳамма қатори ички бир нафрат билан кўриб ўтирарди. Шу вақт ҳамшира навбати етган беморга яқин келиб, унинг исмини сўради.

– Айсис (Isis), жавоб қилди бемор.

Ҳамшира аллақандай таажжуб билан қайта мурожаат қилди: “Тушунмадим.Нима дедингиз?”.

-Менинг исмим Айсис Тереза Мартинез (Isis Tereza Martinez).

Бутун дунёни жирканч қилмишлари билан нафрат ва ғазаб отига мингизган «Ироқ ва Шом ислом давлати»нинг инглиз тилидаги қисқартамаси (ISIS) АҚШдаги энг машҳур 1000 исмнинг бири (Isis) билан айнан бир хил талаффуз қилинади.

Ҳамшира ноўрин саволи жиғига теккан беморни бироз юпатган бўлиб: “Сиз яхшиси бошқаларга ўзингизни Тереза деб таништиринг”, деб маслаҳат берди.

Бироқ Айсис Тереза Мартинезнинг фикри бошқача. У исмини ўзгартиришни хоҳламайди. Қайтага Интернет орқали оммавий ахборот воситаларида жангари гуруҳни унинг номи билан аташга қарши петицияни бошлаб юборди. Бугунги кунда Айсиснинг ушбу таклифини 33 000 дан зиёд одам ёқлаб чиққан. Бундай ҳолат ягона эмас. Тереза Мартинез Fox News каналига берган интервьюсида қизиқ воқеани сўзлаб берди: “Бир куни телефон орқали дугонамга “Қалайсан, Мария. Ишларинг яхшими? Бу мен Айсисман”, деб хабар жўнатдим. Билсам, рақамни янглиш терган эканман. Бироздан сўнг телефонимга қайта хабар келди. Мактуб: “Йўқол, террорист”, деган дўқ-пўписа оҳангида битилган эди. Террорчи эмаслигим, бу менинг исмим экани, фарзандларим борлигини тушунтиришга ҳарчанд уринмай, у “яна бир марта ёзсанг, полицияга топшираман”, дея дағдаға қилишдан нарига ўтмади”. Айсис Тереза Мартинез бундай ҳолатни америкаликларнинг унинг номи ила аталадиган террорчи гуруҳдан шу қадар қўрқишлари билан изоҳлайди.

Дунёнинг бошқа бир чеккаси – Австралияда истиқомат қилувчи ёш оила бундан 3 йил аввал дунёга келган қиз фарзандига ҳам Айсис деб исм қўйган. Оила бекаси ўз фикрларини шундай ифодалайди: “Ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали Яқин Шарқдаги террорчи гуруҳнинг жирканч фаолияти ҳақида маълумот тарқатилганида қизалоғимдан, унинг келажагидан қаттиқ хавотирга тушаман”.

Бундан-да оғир ташвиш мусулмонлар бошига тушган. Улар номи тинимсиз тилга олинаётган, ваҳшийлик, қотиллик, вайронкорлик маънолари билан ёнма-ён қўйилаётган муқаддас эътиқодлари исмининг бундай тақдирига буткул қаршилар. Миср Араб Республикасидаги нуфузли диний муассаса «Дорул ифто ал-Мисрийя» (Миср фатво уйи) Яқин Шарқдаги террорчи ташкилотни «Ироқ ва Шом ислом давлати» ва «Ислом давлати» номлари билан атамасликка чақириб, бу борада ижтимоий тармоқ сайтлари орқали махсус кампанияни бошлади.

Миср диёри муфтийсининг маслаҳатчиси Иброҳим Нажмнинг сўзларига кўра, мазкур жангари гуруҳни «Ироқ ва Суриядаги ал-Қоида айирмачилари» дея номлаш керак. «Ушбу кампаниядан кўзланган мақсад жангариларнинг жиноий ҳаракатлари оқибатида азият чеккан Ислом номини оқлаш, халқлар ўртасида ёмонлик уруғининг ёйилишига сабаб бўлаётган, тинчлик асосларига зид бўлган жиноятлардан инсониятни буткул халос этиш», – дейди Иброҳим Нажм.

«Миср фатво уйи» дунёнинг турли минтақаларида яшовчи мусулмонларга мурожаат этиб, барча имкониятларни ишга солган ҳолда террорчиларга қарши ўз муносабатларини дадил ифода этишга чорлаган. Чунончи, инглиз тилида қисқа метражли видеолавҳалар, жангариларга нисбатан нафратни ифодалайдиган суратлар, баннерлар тайёрлаш ва кенг ёйиш катта самара бериши қайд этилади.

Мусулмон жамиятларида тинчликни мустаҳкамлаш Форуми раиси, таниқли уламо Абдуллоҳ ибн Байя Яқин Шарқдаги воқеаларга қарши муносабат билдириб, оммавий ахборот воситаларини мазкур ҳодисаларни ёритишда эҳтиёткор бўлишга чақирган. У ўз баёнотида жумладан шундай дейди: «Биз уламолар, файласуфлар, адиблар ва ижодкорларга, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, Интернет манзиллари ва ижтимоий тармоқ сайтларига қайта мурожаат қилиб, айтилаётган ҳар бир сўзнинг масъулиятини зиммага олган ҳолда, унинг ўзаро ҳамжиҳатлик ва тинчликка ўтказадиган таъсирини чуқур мушоҳада этиб иш кўришга ҳамда мусулмон жамиятларида тинчлик маданиятини мустаҳкамлашда бош қўшишга чақирамиз».

Дарҳақиқат, сўнгги воқеа-ҳодисалар ўзини мусулмон санаган, аслида эса эътиқод ва амалда исломга мутлақо ёт бўлган саноқли шахслардан иборат ҳудудий тўда амалга оширётган ҳужумлардан дунёнинг асосий мусулмон уммати қарши ҳимояланишига тўғри келаётганини кўрсатмоқда. Улар ислом имиджини сақлаб қолиш ва исламофобиянинг олдини олишни мақсад қилганлар. Бироқ ушбу умматнинг маълум қисми мусулмонларнинг бу ишларга дахли йўқ ва улар барчанинг кўз ўнгида намойишкорона «узрхоҳлик» қилишлари керак эмас, деб билади. Ҳар қандай ҳолатда бу воқеалардан оддий мусулмонлар азият чекаётгани инкор қилиб бўлмас ҳақиқат”, дея хулоса қилади Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий сайти

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.