Ўзбекистон Миллий университети: халқаро интеграция ва инновацион хамқорлик

Ўзбекистон Миллий университети:  халқаро интеграция ва инновацион хамқорлик

Ўзбекистон миллий университети ректори А.Марахимов бошчилигидаги университет делегацияси 2018 йилнинг 13-20 февраль кунлари Исроилнинг Холон технология институтига университетлар ўртасида замонавий инновацион ўқув дастурлар ва изланишлар соҳасида академик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича режалар ишлаб чиқиш учун ташриф буюрди.
 
2018 йилнинг 14 февраль куни ишчи гуруҳ аъзолари Исроилнинг Холон технология институти Президенти, Профессор Эдуард Якубов томонидан қабул қилинди.

Ўзбекистон миллий университети ректори Авазжон Марахимов томонидан Ватанимиз ҳақида ва ҳозирда Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ва яқин бир йил ичида эришилган ютуқлар, Ўзбекистон миллий университети тарихи, таркибий тузилмаси ва фаолияти тўғрисида маълумот берилди.


 
Ўзбекистон Миллий университети ва Холон технология институти ўртасида замонавий инновацион ўқув дастурлар ишлаб чиқиш, қисқа ва узоқ муддатли профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, изланишлар соҳасида академик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича режалар ишлаб чиқиш, мультидисциплинар дастурларни йўлга қўйиш ҳамда Миллий университет негизида Холон технология университети факультетини ташкил этиш масалалари келишилди.
           
Холон технология институти, Самарқанд давлат университети ва Тошкент ахборот технологиялар университети иштирокида онлайн видеоалоқа ўрнатилиб, ўзаро академик ҳамкорликни ривожлантириш, Тошкент ахборот технологиялари университетида янги очилаётган магистратура йўналишлари учун ўқув қўлланмалар ва ўқув дастурлар ишлаб чиқиш масалалари бўйича келишиб олинди.
           
Холон шаҳридаги Аутизм синдроми билан касалланган болалар учун мўлжалланган мусиқа мактабида болалар учун яратилган шарт-шароитлар ва ўқитиш методикаси билан танишилди.
           
Холон технология институти ўқув лабораториялари билан танишилди, жумладан, Инновацион марказ лабораториялари, 3D моделлаштириш лабораторияси (Design & Manufacturing), Компьютер ҳавфсизлиги, Роботехника каби лабораторияларининг иш фаолияти ва техник жиҳозланиши билан танишилди. Шу билан бир қаторда, ушбу лабораторияларда иш олиб бораётган талабаларнинг реал ютуқлари ва ушбу ютуқларнинг инсонларнинг кундалик ҳаётидаги муҳим аҳамияти қайд этилди.

2018 йилнинг 15 февраль куни ишчи гуруҳ аъзолари Исроилнинг Хайфа шаҳридаги Технион (Исроил технология институти) институтига ташриф буюришди.
           
Ўзбекистон миллий университети ректори А.Марахимов ҳамда Математик анализ кафедраси мудири, академик А.Саъдуллаев ва Исроил математиклар ассоциацияси Президенти, профессор Коби Рубинштейн ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида Ўзбекистон Миллий университети ва Технион институти ўртасида амалий математика ва математик мухандислик йўналишларида қисқа муддатли профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда математик изланишлар соҳасида академик алоқаларни ривожлантиришга келишилди. Ҳусусан, профессор Коби Рубинштейннинг 2018 йил апрель ойида Ўзбекистон миллий университетига 2 ҳафталик семинар-тренинг ўтказиш учун ташриф буюриши келишиб олинди.

Физиология ва биофизика кафедраси доценти, Юқори технологиялар марказининг биофизика ва биохимия лабораторияси мудири Ю.Левицкая ҳамда Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи М.Сахибжонов Технион институтининг Биотехнология ва озиқ-овқат мухандислиги факультети декани, профессор Дганит Данино билан учрашиб, университетлар ўртасида биология ва биотехнология соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш, биргаликда халқаро лойиҳаларда иштирок этиш ва қисқа муддатли ҳамда дистанцион семинарлар ўтказиш масалалари келишиб олинди.
           
Технион институти илмий-тадқиқот Фондининг илмий-тадқиқотларни тарғиб қилиш бошқармаси бошлиғи Давид Шем-Тов билан учрашувда Ўзбекистон миллий университети ва Технион институти илмий-тадқиқот Фонди ҳамкорлигида Европа иттифоқининг Horizon 2020 ва Erasmus+ лойиҳаларида биргаликда иштирок этиш, илмий-тадқиқотлар соҳасида алмашинув ва ҳамкорликни кучайтиришга келишилди.
           
Технион институтининг халқаро академик алоқалар бўйича координатори Дана Бен-Ари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида университетлар ўртасида математика, физика, химия, биология ва информацион технология йўналишлари бўйича қисқа муддатли алмашинув курслари ташкил этиш, ўқитиш методикаси, дастурлари юзасидан тажриба алмашинишга келишиб олинди.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.