Ўзбекистон миллий университети раҳбариятининг расмий таклифига биноан Шимолий Каролина университети (АҚШ) Биокимё ва биофизика профессори, 2015 йил Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар 2018 йилнинг 15-22 октябр кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради.




Ташрифнинг мақсади: молекуляр биология соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахассислар билан тажриба алмашиш ҳамда республиканинг ёш олимларини инновацион илмий-тадқиқот фаолияти билан кенг шуғулланишга йўналтириш.

Ташрифнинг дастлабки куниданоқ профессор Азиз Санжар бир қатор тадбирларда иштирок этиши кўзда тутилган: Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ахмет Башар Шен, ЎзМУ ректори Авазжон Марахимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов билан учрашув ҳамда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) Тошкент ваколатхонасини зиёрат қилиш режалаштирилган.

Ташрифнинг иккинчи куни мамлакатда илм-фан соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланади. Жумладан, ЎзМУда “Азиз Санжар: сарҳадсиз билим ичра кечган ҳаёт” деб номланган халқаро илмий анжуман ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда республика ҳамда хорижий давлатлардан етакчи олимлар, Ўзбекистон Фанлар Академияси, вазирликлар ва элчихоналар вакиллари иштирок этади. Конференция доирасида профессор Азиз Санжарга ЎзМУ Фахрий доктори унвони тақдим этилиши кўзда тутилган. Мазкур конференция буюк олимнинг ҳаёти ва ижодига бағишланади. Азиз Санжар Ўзбекистон илм аҳли олдида нутқ сўзлаши кўзда тутилган.

Ташриф давомида профессор Азиз Санжар бакалавриат, магистратура, докторантура таҳсил олувчилари ва тадқиқотчиларга “ДНКнинг тикланиши, саратон ва кимёвий даволаш” мавзусида онлайн маъруза ўқийди.

Мазкур маъруза республиканинг барча ОТМлари видеоконференция студияларида трансляция қилинади.

Шунингдек, профессор Азиз Санжарнинг “Фан ва миллий тараққиёт” мавзусида Ўзбекистон ёш олимларига мурожаати режалаштирилган. Сўнгра, олим ЎзМУнинг Тармоқлараро молекуляр биология лабораториясининг очилиш маросимида иштирок этади.

Шу йилнинг 18-21 октябр кунлари профессор Азиз Санжар Урганч, Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг тарихий меъморий обидаларини зиёрат қилади.