Ўзбекистоннинг энг фаол ёш олими аниқланди

Ўзбекистоннинг энг фаол ёш олими аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида “Энг фаол ёш олим” танловининг мамлакат босқичи ўтказилди.

“Энг фаол ёш олим” танловида турли йўналишлар бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган, инновацион-техник ғояларни илгари суриб келаётган саккиз нафар зукко ёш мутахассис беллашди, деб ёзади “Халқ сўзи” газетаси. 

Танловида  пойтахтлик Ойбек Абдулхаев биринчи, бухоролик Отабек Қаҳҳоров иккинчи ва фарғоналик Жамолиддин Қамбаров учинчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, танлов доирасида “Энг илмий салоҳиятли олим”, “Энг иқтидорли олим”, “Энг заковатли  олим” каби номинациялар бўйича ҳам энг фаол ёш мутахассислар аниқланди.

Ғолиблар таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг эсдалик совғалари ва дипломлари билан тақдирланди. Уларга  Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги олдидан ташкил этиладиган “Ёш мутахассислар” республика форумида қатнашиш учун йўлланма берилди.

Қайд этиб ўтамиз, танлов шартларига кўра ёш илм-фан тадқиқотчилари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга қаратилган услуб ва тажрибалар синовдан ўтказилди. Хусусан, ёш олимлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда уларнинг янги ихтиролари, “ноу-хау”лари, илмий-техник ишланмалари, фанга доир монографиялари, дарсликлари, ўқув қўлланмалари, турли халқаро конференциялардаги иштироки каби омилларга алоҳида эътибор қаратилди. 

“Ўз ҳуқуқингизни биласизми?” мавзусидаги савол-жавоблар шартида иштирокчилар меҳнат муносабатларини тартибга солиш, меҳнат қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ҳамда ёш педагогларга берилаётган имтиёз ва ҳуқуқларни тўлиқ ўзлаштирганликларини кўрсатдилар. Шунингдек, ёш тадқиқотчилар илмий фаолиятларини инглиз тилида ҳам баён қилиш имкониятидан фойдаландилар.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.