Ўзбекистонда “Ўзбеккосмос” Агентлиги ташкил қилинади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда космик фаолиятни ривожлантириш ҳақидаги фармонни имзолади...

30 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда космик фаолиятни ривожлантириш ҳақидаги фармонни имзолади. Унга кўра Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (“Ўзбеккосмос”) ташкил қилинади, дея хабар беради Газета.uz.
 
Агентлик космик соҳани ривожлантириш ва ундан фойдаланиш жабҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этишга жавобгар ҳисобланган давлат бошқарув органи бўлади. Унинг асосий вазифалари орасида қуйидагилар бор:

·         Ўзбекистонда космик тармоқни ривожлантиришнинг давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

·         космик тармоқ инфратузилмаси, космик тадқиқотлар ва технологиялар, илмий-изланиш, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишларни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

·         стратосфера ва бошқа учувчисиз учиш аппаратлари, шунингдек, ерни масофадан туриб зондлаш ва йўлдошли алоқа космик аппаратларини қўллаган ҳолда давлат органларига масалаларни ҳал этиш самарадорлигини оширишда кўмаклашиш;

·         хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни космик фаолият соҳасига, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб қилиш.

Космик тармоқни ривожлантиришнинг стратегик масалалари бўйича қарорлар қабул қилиш “Ўзбеккосмос” агентлигининг Илмий-техник ва эксперт кенгаши хулосалари асосида амалга оширилади. Унинг таркиби Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Фанлар академияси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасидаги халқаро экспертлардан ташкил топади.

Шунингдек, Фармон билан 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.

2019 йил 1 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикасининг “Космик фаолият тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш, 2020 1 июлга қадар 2020-2030 йиллар давомида Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни ривожлантириш давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.