Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва БМТТД дастури ҳамкорлигида амалга оширилаётган ва Глобал экология фонди (ГЭФ) томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойларини қуришни ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида Ўзбекистоннинг бешта вилоятига қарашли қишлоқларда 60 та уй энергетик аудит бўйича мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилади. Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистоннинг қишлоқ аҳолисини яхшиланган, арзон ва экологик турмуш шароитлари билан таъминлашдан иборат. 
 
Энергетик аудит ёнилғи-энергетика ресурсларини истеъмол қилиш  самарадорлигини, бинонинг ҳақиқий энергия истеъмоли ҳолатини аниқлаш, шу жумладан тўсувчи конструкцияларнинг техник характеристикаларини, муҳандислик ускуналарининг энергия истеъмоли характеристикаларини, йил давомидаги энергия чиқимлари тузилмасини таҳлил қилиш, энергия истеъмолининг камайиш салоҳиятини аниқлаш, уйнинг энергетик самарадорлик даражасини ошириш бўйича тадбирларни асослаш учун ўтказилмоқда. Энергетик аудит иссиқлик энергиясидаги йўқотишлар билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ҳамда энергия тежамкорлиги бўйича техник-муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш ва бинолардан фойдаланиш муддатини узайтириш имконини беради.
 
Қишлоқ уйларининг энергетик аудити бир неча босқичда ўтказилади. Дастлабки иккита босқичда мониторинг амалга оширилади ва иситилмайдиган давр бўйича тўпланган маълумотларга ишлов берилади. Учинчи босқичда уйлар мониторинги иситиш даврини ҳам қамраб олади. Якуний босқичда эса тўпланган маълумотлар ва натижалар жамланиб, бутун йил учун таҳлил қилинади. Якуний ҳисобот энергия тежамкор ва паст углеродли арзон қишлоқ уйларида энергия истеъмоли даражасини мониторинг қилиш, иссиқлик ва электр энергиясининг йиллик ҳақиқий истеъмолини энергетик аудитдан ўтказиш маълумотларини ўз ичига олади, бундан ташқари уйларнинг энергетик баланси ва самарадорлиги ҳам баҳоланади. Бу иссиқхона газларининг атмосферага ташланиш даражасини ҳамда фуқароларнинг энергия истеъмолини тўлашга кетадиган харажатларини аниқлашга ёрдам беради.
 
Июнь ойида энергетик аудит Сурхондарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ўтказилди. Мутахассислар ҳар бир вилоятда 12 та уйда бўлди – улардан иккитаси намунавий уй (энергия тежамкор эмас), тўрттаси энергия тежамкор уй, тўрттаси фото-электр тизимлари (ФЭТ) билан жиҳозланган паст углеродли уй ҳамда иккитаси ФЭТ ва маиший эҳтиёжлар учун иссиқ сув ишлаб чиқарувчи гелиоколлектор билан жиҳозланган уй.
 
Асбоблар ёрдамида тўсувчи конструкцияларнинг иссиқлик ўтказиши, ёритилиши, ҳарорати, намлиги ҳамда ФЭТ бўйича ўлчаш ишлари ўтказилди. 12 та уйнинг ҳаммасида энергетик аудитни ўтказиш даврида маълумот тўплаш учун гигрометрлар ўрнатилди, улар ташқи ҳароратни ва уй ичидаги хоналар ҳарорати ва намлигини қайд этиб боради.
 
Мониторинг жараёнида тўпланган маълумотлар, ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, энергия тежамкор паст углеродли уйларни 2018 йилда давлат дастури доирасида қурилган намунавий қишлоқ уйлари (энергия тежамкор эмас) билан солиштиришга ёрдам беради.
 
Олинган натижаларга ишлов берилганидан кейин ва улар таҳлил қилинганидан сўнг энергия ресурслари истеъмоли бўйича харажатларни пасайтиришга ҳамда қишлоқ уйларининг энергия тежамкорлигини оширишга йўналтирилган техник, ташкилий ва иқтисодий чоралар бўйича тавсиялар баён этилади.
 
Энергетик аудит жараёни энергия тежамкор уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар кўмагида амалга оширилади. Фуқаролар лойиҳа давомида ўз уйларининг энергоменежерлари сифатида энергияни ҳисоблаш асбобларининг кўрсатмаларини кузатишади, сўров варақаларини тўлдиришади, истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун ойлик тўлов қоғозларини йиғиб боришади.
 
«Энергетик аудит – бу биз жиддий ўйлаб кўришимиз керак бўлган нарса. Бу энергияни тежаш ва энергия самардорлигини ошириш демакдир. Бу нафақат энергияни ва иссиқликни сақлашга, балки оила томонидан уларга сарфланадиган бюджетни  тежашга ҳам ёрдам беради», - дейди энергетик аудит билан шуғулланувчи компания вакили Зариф Гараев.
 
2019 йилда лойиҳа кўмагида ва яшил ипотека кредити воситасида Ўзбекистонда 800 та бир қаватли 3 хонали энергия тежамкор ва паст углеродли арзон уйлар қурилди. Шундан 176 та уй Самарқанд вилоятида, 185 та уй Сурхондарё вилоятида, 206 та уй Фарғона вилоятида, 112 та уй Хоразм вилоятида ва 121 та уй Бухоро вилоятида барпо этилди. Ушбу уйларнинг ҳар бирига қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда ёритиш эҳтиёжлари учун электр энергиясини ишлаб чиқарувчи қуввати 300 Ватт бўлган фото-электр станциялари ўрнатилди. 10 та уй эса ҳам ФЭС билан, ҳам маиший эҳтиёжлар учун иссиқ сув ишлаб чиқарувчи қуввати 200 литр бўлган қуёшда ишлайдиган сув иситгичлари билан жиҳозланди.