Андижонда фойдали хусусиятларга эга янги ўсимлик етиштирила бошланди

Андижонда фойдали хусусиятларга эга янги ўсимлик етиштирила бошланди

Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Инновацион технологияларни жорий қилиш марказининг “Амарант” лойиҳаси шу кунларда ўзининг дастлабки натижасини беради, деб ёзади “Халқ сўзи” нашри.

“Амарант шифобахш ўсимлик номи бўлиб, унинг асл ватани Жанубий Америка ҳисобланади. Маҳаллий ҳиндулар мазкур гиёҳнинг фойдали хусусиятларини 8 минг йил илгари билганлар. Биз уни обдан тадқиқ этганимиздан сўнг, иқлимимизга мослаштиришга қарор қилдик. Натижада ўсимлик мойига бой бўлган амарантнинг дони, пояси ва ҳатто баргидан ҳам фойдаланиш мумкинлиги аён бўлди. У доривор, тетиклаштирувчи ва озуқа хусусиятларига ҳам эга. Минерал ўғит ва кимёвий қўшимчаларсиз униб-ўсади. Суғориш учун маккажўхорига нисбатан беш баробар кам сув талаб этилади. Томир тизими тупроқ таркибини яхшилаш хусусиятига эга”, — дейди марказ директори, физика-математика фанлари номзоди Мўйдинжон Мўминов.

Айни пайтда Избоскан туманидаги “Оллоберди асали” фермер хўжалигига ажратилган 1 гектарли тажриба майдонида ушбу ўсимлик парвариш қилиняпти. Шу кунгача ўсимлик пояси 2,5 метргача бўй чўзди.

Ҳозирдан Германиянинг “AEN Engineering GmbH & Co” компанияси ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаб, яқин истиқболда етиштириладиган ҳосилни тўлиқ сотиб олишга қизиқиш билдирди. Гектаридан 70 центнергача ҳосил берадиган мазкур ўсимлик донининг бир килограмми жаҳон бозорида 50 долларгача сотилмоқда. 

Фотосурат: econet.ua

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.