“Ил-114” самолёти Тошкентни буткул тарк этди

“Ил-114” самолёти Тошкентни буткул тарк этди

РФ бош вазирининг ўринбосари Дмитрий Рогозин турбовинтли “Ил-114” самолёти ишлаб чиқаришини тиклашга тайёрлигини билдирди, дея хабар беради “РИА Новости”.  

«Тушунтириб ўтай: ниҳоят ўз самолётларимизни чиқаришга қарор қиладиган вақт келди. Авиация соҳаси етакчиларидан бири бўлган давлатнинг бегона авиатехникани импорт қилиши шармандалик», – деб ёзади Рогозин ўзининг “Facebook” тармоғидаги саҳифасида.
 
“Ил-114” турбовинтли самолёти 1980-йиллар охирида собиқ СССР ҳудудларининг ҳаво йўлларида фойдаланиш учун Ильюшин конструкторлик бюроси томонидан ишлаб чиқилган эди. Айрим манбаларнинг маълумотларига кўра, 20 га яқин шундай самолёт чиқарилган. Кейинчалик эса унинг бир нечта фуқаролик ва ҳарбий модификациялари ишлаб чиқилди.

Август ойида Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга, мудофаа вазирлиги ва президентнинг Волгабўйи федерал округи бўйича ваколатли вакилига “Ил-114” самолётини «Авиакор – авиационный завод» ОАЖ базасида серияли ишлаб чиқаришга қўйишнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолашни топширганди. Ўшанда “РИА Новости” томонидан сўралган экспертлар самолёт сезиларли модернизацияни талаб этишини, хусусан унинг двигатели ва барча радиоэлектрон ускуналарини алмаштириш зарурлигини қайд этганди.

«Мотор Сич» Украина двигателсозлик корпорациясининг бош директори Вячеслав Богуслаев компания “Ил-114” самолётлари учун двигатель ишлаб чиқаришга тайёрлигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин ушбу самолёт ўтган йили ўз фаолиятини тўхтатган Тошкентдаги Чкалов номидаги авиация заводида ишлаб чиқарилган. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.