Тошкентда “Samsung” LED-телевизорларини ишлаб чиқариш бошланди

Тошкентда "Samsung” LED-телевизорларини ишлаб чиқариш бошланди

“Zenith Electronics” МЧЖ қўшма корхонаси “Samsung” бренди остида LED-телевизорлар ишлаб чиқаришини йўлга қўйди. Корхонанинг расмий очилиш маросими 23 сентябрь куни бўлиб ўтди.

Мазкур лойиҳа Жанубий Кореянинг “Samsung Electronics” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳа учун янги ускуна харид қилишга “Zenith Electronics” 2,9 млн доллар миқдорида маблағ сарфлади, дея хабар беради “UzDaily” нашри.

Телевизорлар учун бутловчи қисмларнинг 35% Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. 2016 йилга келиб маҳаллийлаштириш даражаси 49% га етказилади.

Бугунги кунда корхонанинг ўзида электрон бошқарув платаси, олд панеллар, орқа қопқоқ, таглик ва пенопласт ўрамлар ишлаб чиқарилиши маҳаллийлаштирилган. Бундан ташқари, кооперация доирасида Ўзбекистон корхоналарида LED-телевизорлар ишлаб чиқариши учун зарур бўлган бошқа буюмлар ва аксессуарларни чиқариш ҳам ўзлаштирилди.  

Қайд этиб ўтамиз, ушбу лойиҳа Маҳаллийлаштириш давлат дастури доирасида амалга оширилди. Йил охиригача 9,9 минг дона тайёр маҳсулот чиқариш режалаштирилган, келаси йили ушбу рақам 10 минггача етказилади.

2017 йилга келиб эса  корхонада ишлаб чиқариладиган телевизорлар сонини 75 минг донага етказиш мўлжалланмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.