Тест синовлари варақаларига ўзгартиришлар киритилди

Тест синовлари варақаларига ўзгартиришлар киритилди

2014 йил 6 август куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги” қарорни қабул қилган эди.

Уларга кўра, абитуриентлар учун апелляция бериш муддати аввалгидек 30 кун эмас, 15 кунга камайтирилди, абитуриентларнинг ота-оналари апелляция жараёнларида иштирок этиши тақиқлаб қўйилди.

25 ноябрь куни эса навбатдаги ўзгартиришлар амалга оширилди, дея хабар беради “Кун” нашри “xushnudbek.uz”га таянган ҳолда.

Хусусан, тест синовлари учун жавоблар варақасида фақат “Махсус код” қолдирилди (аввал мавжуд бўлган “Олий таълим муассасаси коди” ва “Танлов коди” олиб ташланди. Бундан мақсад абитуриентларнинг алмаштириб бўяш ёки нотўғри бўяш каби хатоликларга йўл қўйишининг олдини олиш ҳамда ортиқча вақт сарфланмаслигини таъминлашдан иборат.

Янги қоидага кўра, абитуриентлар жавобларни белгилашда адашиб кетмаслиги учун жавоблар белгиланадиган доирачалар рақамлаб чиқилади.

Шунингдек, саволлар китобида берилган саволлар рақамлари кетма-кетликда рақамланади. Масалан, учта фан блоки мавжуд бўлган саволлар китобида биринчи фан саволлари 1 дан 36 гача, иккинчи фан 37 дан 72 гача, учинчи фан 73 дан 108 гача сонлар шаклида рақамланади. Бу абитуриент томонидан саволлар жавобида тўғри деб танлаган жавобларини жавоблар варақасида адашиб кетиб бўяш эҳтимолининг олдини олишга ёрдам беради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.