Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг 2013 йил 9-10 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи давомида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ, Самарқандда Конфуций институти очилди, дея хабар беради “Халқ сўзи” нашри.

2005 йилда Тошкент Шарқшунослик институти негизида биринчи Конфуций институти ташкил этилган эди. Ушбу эзгу ташаббуснинг юксак самара бериши эса орадан тўққиз йил ўтиб иккинчи Конфуций институти очилишига асос бўлди. Бунинг учун Самарқанд давлат чет тиллар институти базаси танланди.

“Дастлаб томонлар иштирокида янги институтнинг ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлари, моддий-техник базаси, ходимлар таркиби шакллантирилди, — дейди Шанхай чет тиллар университети профессори Зхоу Ченг. — Эндиликда унинг самарали фаолият юритиши учун барча шарт-шароит мавжуд. Ўйлайманки, бу Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги яқин ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади”.