Google Translate автоматик таржима онлайн-сервиси тиллари рўйхатида ўзбек тили ҳам пайдо бўлди. Эндиликда ўзбек тилидаги матнларни бошқа тилга ўгириш, бошқа тилдаги матнларни эса ўзбекчага автоматик таржима қилиш имконияти мавжуд бўлади, деб ёзади “Кун” нашри.

Шу билан бирга, ўзбек тили янги ишга тушгани сабабли унда бир қатор камчиликларни ҳам кўриш мумкин. Жумладан ибораларнинг нотўғри таржима қилинаётгани ва бутунлай тескари маънодаги таржималар ҳам мавжудлиги аниқланган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Google Translate хизмати жорий йил бошида янги тилларни, жумладан ўзбек тилини ҳам қўшиш бўйича кўнгиллиларни ҳамкорликка чақирганди.  Улар махсус манзил – орқали рўйхатдан ўтиб, исталган хоҳловчи лойиҳа волонтёрига айланиши мумкинлиги, ёрдам бермоқчи бўлганлар нафақат ўзбек, балки инглиз тилини ҳам билишлари кераклиги таъкидлаб ўтилганди .

Google Translate – бепул таржима хизмати бўлиб, унда нафақат алоҳида сўзларни, балки бутун бир матнлар ва вебсайтларни ҳам таржима қилиш мумкин. Ҳозирги вақтда сервис 90 та тилни  қўллаб-қувватлайди.

Google таржимони юз миллионлаб ҳужжатлардаги ўзига хос иборалардан фойдаланиб, улар асосида таржиманинг энг яхши вариантини ишлаб чиқади. Одамлар томонидан таржима қилинган матнлардаги бир хил тузилмаларни топиб, сервис гап таржимаси бўйича ўз таклифларини ҳам бериши мумкин. Катта ҳажмдаги матнлардан стандарт қисмларни излаш жараёни статистик машина таржимаси деб аталади.