Хитой Давлат тараққиёт банки (ХДТБ) 2014-2017 йилларда миллий “Ўзмобайл” GSM-операторини ривожлантириш учун Ўзбекистон ҳукуматига умумий қиймати 550 млн долларлик кредит ажратади, дея хабар беради “РИА Новости” Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг вакилига таянган ҳолда.

«Умумий қиймати 550 миллион долларлик лойиҳа давлат инвестиция дастурига киритилган бўлиб, уни амалга ошириш якунлангунича ХДТБ унинг кредитори сифатида белгиланди», — дея қайд этади агентлик суҳбатдоши.
 
Бундан олдин “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси, Ўзбекистондаги миллий алоқа оператори 2018 йилга қадар «Ўзмобайл» филиали базасида республикада GSM-тармоғини яратиши ҳақида хабар берилганди. Унга кўра оператор 3,9 мингта базавий станция ва рақам сиғими 8 миллион рақамни ташкил этувчи 4 минг комплект радиореле ускунасини ўрнатади.  

Шу билан бирга ноябрь ойида Хитойнинг “Huawei Technologies” компанияси “Ўзбектелеком” билан лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида (сиғими 2 млн рақамни ташкил этувчи 1020 та базавий станцияни ўрнатиш) қиймати 117,6 млн долларлик телекоммуникация ускунасини етказиб беришга ҳам шартнома имзолади.